Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Олис ҳудудларда нотариус лавозимига талабгорларни суҳбат асосида тайинлаш тартиби белгиланди

  • 20.01.2026
  • 33 марта ўқилди
Адлия вазирлиги Олис (чекка) ва нотариус лавозимига талаб юқори бўлмаган ҳудуд (нотариал округ)ларда давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига талабгорларни Олий малака комиссияси томонидан суҳбат асосида тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами: 3756, 19.01.2026 й.).

✅ Низомга кўра, суҳбат Президентнинг 2025 йил 9-сентябрдаги ПҚ–280-сон (https://lex.uz/docs/7722035) қарори билан тасдиқланган Рўйхатга киритилган нотариал округларда нотариус лавозими бўш бўлган ёки янги лавозим таъсис этилганда ўтказилади.

Суҳбат Олий малака комиссияси ва унинг ишчи органи томонидан амалга оширилади, талабгорларнинг ҳужжатлари эса дастлаб ҳудудий комиссиялар томонидан кўриб чиқилади.

Рўйхатдаги нотариал округларга суҳбат ўтказиш бўйича "Инсон ва қонун" газетасида ва вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон берилади.

Талабгорнинг ҳужжатлари ҳудудий комиссия томонидан 15 кун ичида кўриб чиқилиб, белгиланган талабларга мувофиқ деб топилганда, Олий малака комиссиясига тақдим этилиши юзасидан хулоса тасдиқланади ва юборилади.

▶️ Суҳбатда талабгорлар берилган саволларга тўлиқ ва аниқ жавоб бериши, фаолият соҳаси билан боғлиқ тизимли билимларга эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида мустақил фойдаланишни билиши, ижтимоий муаммолар ва жараёнларни мустақил таҳлил қила олишига қараб баҳоланади.

Рўйхатдаги нотариал округларда камида 3 йил давомида нотариусликни амалга оширганлар республиканинг исталган бошқа ҳудудида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус сифатида фаолиятини давом эттириши мумкин бўлади.

Мазкур ҳужжат 2026 йил 1 апрелдан кучга киради.

Chat