Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Сўровномани қайта тўлдириш мумкинми? Маълумотлар солиққа тортилмайдими? Рўйхатга олиш бўйича саволларга жавоблар

  • 20.01.2026
  • 40 марта ўқилди
15 январда бошланган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш онлайн босқичи бўйича аҳолидан турли саволлар пайдо бўлмоқда. Статистика қўмитаси кўп бериладиган саволларга жавобларни тақдим этди.

15 январдан Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг онлайн босқичи бошланди. Фуқаролар census.stat.uz орқали сўровномани тўлдиришни бошлади. Статистика қўмитаси сўровномани онлайн тўлдириш жараёнида фуқароларда пайдо бўлаётган саволларга жавоблар бериб ўтди. Саволлар ва жавоблар аслича тақдим этилади.


— Логин ва парол сўраляпти. Уни қаердан олишим мумкин?

— Логин ва парол OneID тизимига кириш жараёнида талаб этилади. Агар аккаунтингиз мавжуд бўлса, аввал ўрнатилган логин ва паролни киритинг. Агар унутган бўлсангиз, ЖШШИР орқали тиклашингиз мумкин. Илгари тизимдан фойдаланмаган бўлсангиз, паспорт маълумотлари асосида янги аккаунт очишингиз лозим. Бу бўйича бизнинг расмий @census_2026 телеграм каналимизда видеоқўлланма эълон қилинган. Қолаверса, Mobile ID ёки электрон рақамли имзо орқали ҳам рўйхатдан ўтишингиз мумкин.

— Оиламиздан бир киши барчамизни рўйхатдан ўтказди. Шу етарлими ёки барчамиз алоҳида қайтадан ўтишимиз керакми?

— Бир киши бутун оиласини рўйхатдан ўтказиши мумкин. Маълумотлар тўлиқ ва тўғри тақдим этилса, бу етарли ҳисобланади.

— «Телефон қурилмаси талабга жавоб бермайди» деган ёзув чиқяпти. Бу нимани англатади?

— Бу ҳолатда телефонингизнинг оператив хотираси кам ёки браузерингиз эски бўлиши мумкин. Имкони бўлса, компьютер ёки бошқа қурилмадан уриниб кўринг.

— Маҳалла/кўча номи чиқмаяпти. Нима қилсам бўлади?

— Бундай ҳолатда сиз маҳалла/кўча номини мустақил равишда ёзиб қўйишингиз мумкин.

— Қайнота-қайнона, ака-ука, опа-сингил ва бошқаларни ҳам рўйхатга киритишим керакми?

— Агар сиз улар билан бирга яшамасангиз, уларни киритишингиз шарт эмас. Улар ўзлари яшаб турган турар жойи бўйича алоҳида рўйхатдан ўтишади.

— 16 ёшгача бўлган қизларда «Нечта фарзанд дунёга келтиргансиз?» саволида «йўқ» жавобини белгилаб бўлмаяпти.

— Ушбу савол халқаро тавсияларга мувофиқ саволномага киритилган. Агар респондент фарзандли бўлмаган бўлса, «0» деб белгилаши мумкин.

— Рўйхатдан ўтдим, лекин сертификатимни юклаб ололмаяпман.

— Агар сиз рўйхатдан ўтган бўлсангиз, OneID тизими орқали сайтга кириб, ўнг томон юқори қисмда жойлашган исм-фамилия устига босган ҳолда сертификатни юклаб олишингиз мумкин.

Шунингдек, сертификатда акс этмаган оила аъзоларининг рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар тегишли ташкилотларнинг мониторинг дашбордларида инсон омилисиз акс этади ва бунинг ўзи етарли ҳисобланади, улардан алоҳида сертификат талаб қилинмайди.

— Саволномада сотихни ёза олмаяпман.

— 1-шаклнинг 2-саволида якка тартибдаги ховли ёки квартиранинг умумий қурилиш майдони квадрат метрда бутун сонларда кўрсатилади. 5-шаклда эса умумий ер майдони ва қишлоқ хўжалиги ер майдони сотихда кўрсатилади. Умуман олганда, қишлоқ хўжалиги ер майдонларига оид барча кўрсаткичлар сотихда киритилиши талаб этилади.

— Ишхонадан менга «бугун тезроқ рўйхатдан ўтиб сертификатингни бер, муддат тугади», дейишмоқда. Мен бунга мажбурманми?

— Давлат органлари ва ташкилотлари тизимида ишлаётган ходимлар учун онлайн рўйхатдан ўтиш белгиланган муддатларда — 2026 йил 15 январдан 31 январга қадар — таъминланиши президент фармони билан назарда тутилган. Сертификатни «бугуноқ» топшириш талаби ортиқча шошилинч ҳисобланади, аммо давлат органи ёки ташкилот ходими сифатида сиз белгиланган давр ичида census.stat.uz портали орқали онлайн рўйхатдан ўтишингиз керак. Онлайн рўйхатдан ўтган ходимлар бўйича маълумотлар тегишли ташкилотларнинг мониторинг дашбордларида кўриниб туради.

— Telegram'дан саволномага кириб бўлмаяпти? Мен учун бу энг қулай тармоқ эди. Telegram’даги линк ёки QR код орқали census.stat.uz порталига кирса бўладими?

— Ҳа, Telegram орқали берилган ҳавола (линк) ёки QR-коддан фойдаланиб census.stat.uz порталига ўтиш мумкин — бу платформага киришнинг қўшимча ва қулай усулларидан бири ҳисобланади. Бироқ саволноманинг ўзи Telegram ичида эмас, балки расмий census.stat.uz веб-порталида тўлдирилади. Яъни Telegram фақат порталга ўтиш учун воситачи канал вазифасини бажаради.

— Рўйхатдан ўтиш вақтида даромадим қанча экани ҳақида маълумот киритишим керакми?

— Йўқ. Даромад миқдори тўғрисидаги саволлар рўйхатга олиш саволномаси таркибида мавжуд эмас. Фақатгина даромад манбаи (ёлланма иш, пенсия, нафақа, стипендия, боқувчисини йўқотганлик нафақаси) белгиланади.

— Бизда қурилиши ҳали тугалланмаган турар жой мавжуд. Рўйхатга олишда ундаги яшаш хоналари ва турар жой майдони ҳам ҳисобга олинадими?

— Йўқ, рўйхатга олиш санасига қадар қурилиши тугалланмаган турар жойлар ва яшаш хоналари рўйхатга олинмайди. Рўйхатга олишда бино қачон фойдаланишга топширилгани ва унда яшаш қачондан бошланганига эътибор қаратилади. Шу асосда саволнома тўлдирилади.

— Нега шаҳарда кўп қаватли уйларда яшайдиганлардан ҳам саволномада қишлоқ хўжалиги бор ёки йўқлиги сўралмоқда?

— Айрим фуқароларда шаҳарда яшашига қарамай, қўшимча равишда ер ёки қишлоқ хўжалиги фаолияти мавжуд бўлиши мумкин. Шу сабабли саволлар амалдаги ҳолатдан келиб чиққан ҳолда тўлдирилади.

— Нега рўйхатга олиш саволномасида уй-жой ва кўчмас мулкка оид уй нимадан қурилгани, унинг ҳолати ва бошқа жиҳатлар бўйича саволлар кўп?

— Халқаро амалиётга кўра, аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш тадбирлари биргаликда ўтказилади. Ўзбекистонда эса бундай кенг қамровли аҳолини рўйхатга олиш тадбири сўнгги 37 йил давомида ўтказилмаган. Шу боис, саволномага уй-жой фондига оид саволлар ҳам киритилган. Саволномадаги мазкур саволлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Аҳолишунослик жамғармаси ва бошқа халқаро ташкилотларнинг тавсиялари асосида, шунингдек халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган. Айнан ушбу маълумотлар асосида келгусида уй-жой сиёсатини шакллантириш, инфратузилмани ривожлантириш ва коммунал хизматлар сифатини яхшилаш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинади. Шу сабабли саволлар сони бироз кўп бўлиши — келажакда аниқ ва ишончли статистика шакллантириш учун зарур.

— Саволномани тўлдирдим лекин сертификат чиқмади? Ишхонамдан сертификат сўрашмоқда?

— Саволномани тўлдиришда биринчи ва учинчи қаторда келтирилган шакллар белгиланса, яъни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган фуқаролар ҳамда 12 ой ва ундан ортиқ муддат давомида Ўзбекистон ҳудудида яшаётган чет эл фуқаролари учун саволномани тўлдириш якунида сертификат чиқади.

Агар сиз иккинчи ва тўртинчи қатордаги шаклларни белгилаб саволномани тўлдирсангиз сертификат берилмайди. Чунки унда махсус ва ижтимоий муассаса ҳамда ташкилотларда яшаётган шахслар, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида 12 ойдан кам муддатда бўлган хориж фуқаролари учун саволнома очилади.

— Очиғи ҳовлимизда экилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда қорамол, қўй-эчки ва паррандалар сони бўйича маълумот бериш ортиқча солиққа тортилишига сабаб бўлишидан қўрқаяпман? Мен солиқларни вақтида тўлаб келаяпман. Рўйхатга олишдан кейин ортиқча солиқ келиб чиқмайдими?

— Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш — бу статистик тадбир бўлиб, у солиқ тўлаш билан боғлиқ эмас. Сиз берган маълумотлар фақат статистика учун йиғилади. Солиқ ва бошқа органларга тақдим этилмайди.

Рўйхатга олишнинг мақсади — мамлакатда аҳоли сони, турмуш шароити, қишлоқ хўжалиги ҳолати, яъни қайси ҳудудда қанча маҳсулот етиштирилади ва бу аҳоли эҳтиёжини қоплайдими, деган саволларга аниқ жавоб олишдир.

Шу асосда давлат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда аҳоли учун зарур ижтимоий хизматларни тўғри режалаштириш имкониятига эга бўлади.

— Саволномада уй хўжалиги рақамини келтириш керак. Уй хўжалиги нима?

— Уй хўжалиги деганда бир уйда бирга яшайдиган ва умумий рўзғор юритадиган шахслар гуруҳи тушунилади. Улар қариндош бўлиши ҳам, бўлмаслиги ҳам мумкин. Уй хўжалиги бир кишидан ҳам иборат бўлиши мумкин. Агар сизнинг хонадонингиздаги оилалар даромад ва харажатлари, яъни, рўзғори умумий бўлса уй хўжаликлари сонига битта бўлади.

— 2-шаклни тўлдириш жараёнида менинг касбим номи рўйхатдан чиқмади? Нима қилишим керак?

— Агар сиз ўз касбингизни рўйхатдан топа олмасангиз, у ҳолда «Бошқа касбни танланг» жавоб вариантини белгиланг ҳамда ўзингиз касб номини аниқ ва тўлиқ ёзиб кўрсатишингиз керак.

— Нега сертификатда 4−28 февраль кунлари қайта рўйхатдан ўтказилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш бор?

— Саволномани тўлдириш жараёнида айрим саволларга ноаниқ, тўлиқ бўлмаган ёки ўзаро зид жавоблар киритилган тақдирда маълумотларни аниқлаштириш зарурати юзага келиши мумкин. Шунингдек, баъзи ҳолларда саволнома шошма-шошарлик билан ёки фақат сертификат олиш мақсадида тўлиқ тўлдирилмасдан юборилиши эҳтимоли мавжуд.

Рўйхатга олиш жараёнида тўпланган маълумотлар туман, шаҳар ва вилоятлар кесимида ижтимоий-иқтисодий сиёсатни ишлаб чиқиш, ҳудудларни ривожлантиришни режалаштириш, инфратузилмани яхшилаш ҳамда аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис маълумотларнинг аниқ ва ишончли бўлиши алоҳида аҳамиятга эга.

— Мен ижарада яшайман. Яқинда ижарачи менга телефон қилиб ушбу манзилдан рўйхатдан ўтманг деб телефон қилди. Шунда мен доимий яшаш жойимдан рўйхатдан ўтаманми?

— Агар сиз ижарада яшаётган бўлсангиз, аҳоли рўйхатидан айни пайтда яшаб турган — яъни ижарадаги манзилингиз бўйича ўтишингиз керак. Ижарачининг «бу манзилдан рўйхатдан ўтманг» дегани рўйхатга олиш талабларини бекор қилмайди. Шахс реал қаерда яшаётган бўлса, ўша манзил бўйича ҳисобга олинади — мулк кимга тегишли экани муҳим эмас.

Бу ҳудудда ҳақиқий аҳоли сонини; Ижтимоий инфратузилмага бўлган реал эҳтиёжни (мактаб, боғча, шифохона, транспорт) аниқлаш учун зарур.

Шу боис фуқаролардан саволномани тўлиқ, аниқ ва холис тўлдиришларини, шунингдек, ушбу жараён ҳақида яқинларини ҳам хабардор қилишларини сўраймиз. Рўйхатга олиш белгиланган муддатларда давом этади.

— Сўровномани хатолик билан тўлдирган бўлсам, қайтадан киритишим мумкинми?

— Ҳа. Агар маълумотлар хатолик билан киритилган бўлса, 31 январга қадар қайтадан онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти мавжуд. Натижаларни қайта ишлаш жараёнида тизим сизнинг тўлиқ тўлдирган шаклингизни танлаб олади.

— Мен ҳозирда бошқа туманда истиқомат қиламан, доимий «пропискам» эса бошқа ҳудудда. Саволномада қайси жойни киритишим керак?

— Рўйхатдан ўтиш жараёнида фуқаро айнан ҳозирги вақтда, яъни, рўйхатга олиш даврида яшаб турган жойини кўрсатиши лозим.

— Чет элдаги оила аъзоларимизни ҳам рўйхатга киритамизми?

— Ҳа, ҳозирда маълум сабабларга кўра хорижда вақтинча бўлиб турган оила аъзоларингизни ҳам рўйхатдан ўтказишингиз мумкин. Шунингдек, улар ўзлари бошқа давлатда бўлиб турган ҳолатда ҳам census.stat.uz сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин.

— Қанча ҳаракат қилсам ҳам census.stat.uz сайтида хатолик юз берди деб чиқяпти. Нима қилсам бўлади?

— Бу ҳолат, асосан, сайт Telegram’нинг ички браузери орқали очилганда кузатилмоқда. Муаммони бартараф этиш учун census.stat.uz сайтини телефонда алоҳида интернет браузер орқали (Chrome, Mozilla, Opera ёки Google)дан очиб кўринг.

Chat