Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Тиббиёт ходимларининг малака тоифасини олиш муддати қисқартирилди

  • 13.04.2022
  • 614 марта ўқилди

“Тиббиётда хусусий сектор фаолиятига қўшимча қулайликлар яратиш ва соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони (№ПФ–102. 11.04.2022 й.) қабул қилинди

Фармонга кўра:

  • юқори малакали ва малакали мутахассислар тоифасига кирмайдиган чет эл фуқароси бўлган шифокорлар учун Ўзбекистонда ишлаш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома берганлик учун йиғим миқдори 6 бараварга камайтирилиб, БҲМнинг 5 баравари миқдорида ундирилади (Илгари БҲМнинг 30 баравари миқдорида эди);
  • Ўзбекистонга қисқа муддатга (бир ойгача) келаётган чет эл мутахассисларига Ўзбекистонда ишлаш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома олиш талаб этилмайди;
  • Ўзбекистонда доимий яшаш жойига эга бўлмаган хорижий фуқаролар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслардан даволаш муассасалари томонидан ундириладиган туристик (меҳмонхона) йиғим бекор қилинади;
  • даволаш муассасалари (бундан санаторий ва пансионатлар мустасно) учун туристик хизматларни сертификатлаштиришга бўлган талаб бекор қилинади. Бунда, ташриф буюрувчиларни ҳисобга олиш электрон амалга оширилади.

Юридик шахслар томонидан лизинг шартномаси асосида олиб келинадиган янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари учун божхона имтиёзларининг амал қилиш муддати 2025 йил 1 январгача узайтирилди (илгари 2024 йил 1 январгача эди).

Фармонга кўра, тиббиёт асбоб-ускуналари ва буюмларининг эҳтиёт қисмлари ҳамда тиббиёт мақсадлари учун сарфлаш материалларини 2025 йил 1 январгача Ўзбекистонга олиб киришда ҚҚСдан озод қилинади.

Шунингдек, фармонга мувофиқ:

  • нодавлат тиббиёт ташкилотларида тиббиёт ОТМнинг клиник базалари ташкил этилиб, уларда шифокор ва ҳамширалар малакаси оширилади ҳамда қайта тайёрланади;
  • малака тоифаси олиш учун талаб этиладиган иш стажи муддати қисқартирилган ҳолда, тоифасиз ходимларга 3 йил, биринчи тоифа учун – 5 йил, олий тоифа учун – 7 йил этиб белгиланди (Илгари биринчи малака тоифаси учун 7 йил, олий малака тоифаси учун 10 йил эди).
Chat