Мазкур тадбирнинг асосий мақсади — Алишер Навоийнинг бой адабий ва маънавий меросини тарғиб этиш, унинг асарлари орқали миллий қадриятлар, инсонпарварлик, ватанпарварлик ва маънавий камолот ғояларини ходимлар онгига сингдиришдан иборат бўлди.

Йиғилишни ташкилот раҳбарияти очиб бериб, Алишер Навоийнинг ўзбек адабиёти ва умуминсоний маданият тараққиётида тутган ўрни, унинг асарларида ифода этилган юксак ахлоқий фазилатлар ҳамда илм-маърифатга чорловчи ғоялар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганини таъкидлади.
Тадбир давомида иштирокчилар томонидан Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига оид маърузалар тингланди, шоирнинг ғазал ва ҳикматларидан намуналар ўқиб эшиттирилди. Шунингдек, Навоий асарларида адолат, ҳалоллик, инсон қадри ва комил инсон тарбияси масалалари қандай ёритилгани хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Йиғилиш жараёнида иштирокчилар ўртасида жонли муҳокамалар бўлиб ўтди. Хусусан, Навоий меросининг ёшлар тарбиясидаги ўрни, маънавий баркамол авлодни шакллантиришда унинг асарларидан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан қатор таклиф ва мулоҳазалар илгари сурилди.
Тадбир якунида Алишер Навоий ижодини чуқур ўрганиш ва унинг маънавий меросини кенг тарғиб этишга қаратилган бундай маънавий-маърифий учрашувларни келгусида ҳам изчил давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.