Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

”Ўзбекистон – 2030” стратегияси ижроси ташкил этилади

  • 17.02.2026
  • 64 марта ўқилди

“Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–21-сон, 16.02.2026 й.) қабул қилинди.


Фармонни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:

♦ “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида эришилган ютуқлар ва мавжуд муаммоларни ҳисобга олган ҳолда самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш;

♦ “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадларига эришилишини мониторинг қилиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш.

Рақамли платформада “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадларининг самарадорлик кўрсаткичларига эришилиши ҳолати қуйидаги тоифаларга ажратилади:

“яшил” – белгиланган самарадорлик кўрсаткичига ўз вақтида ва тўлиқ эришилган;

“сариқ” – белгиланган самарадорлик кўрсаткичига эришишда кечикишлар мавжуд, бироқ уларни бартараф этиш имкони бор;

“қизил” – самарадорлик кўрсаткичига эришишда жиддий кечикишлар мавжуд ёки уларга умуман эришилмаган.

Бунда:

♦ “яшил” тоифага киритилган самарадорлик кўрсаткичларига масъул идоралар рағбатлантирилади;

♦ “сариқ” тоифага киритилган самарадорлик кўрсаткичларига эришишда мавжуд кечикишлар сабаблари таҳлил қилинади ҳамда уларни бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишли идорага зарур чораларни кўриш бўйича кўрсатмалар берилади;

♦ “қизил” тоифага киритилган самарадорлик кўрсаткичларига масъул идоралар фаолияти Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида танқидий кўриб чиқилади.

Chat