Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

2026 йилда айрим байрамлар дам олиш кунларига тўғри келади: ходимлар неча кун дам олади?

  • 23.02.2026
  • 104 марта ўқилди

2026 йилда Наврўз ва Рамазон ҳайити бир кунга тўғри келиши, шунингдек 8 мартнинг дам олиш кунига мос келиши муносабати билан дам олиш кунларининг кўчирилиши тартиби аниқланди.

 


Маълум қилинишича, 2026 йил 21 март — Наврўз байрами ҳафтада 5 кун ишлайдиганлар учун шанба дам олиш кунига тўғри келади. Шунингдек, Рамазон ойи 19 февралдан бошланиб 30 кун ҳисобланса, Рамазон ҳайити ҳам 21 мартга тўғри келади.

Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ, дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келса, у байрамдан кейинги иш кунига кўчирилади. Шу асосда 21 март шанба куни 23 март душанбага кўчирилади.

Ҳафтада 5 кун ишлайдиганлар учун:

  • 21 март — байрамлар;
  • 22 март — якшанба;
  • 23 март — кўчирилган дам олиш куни.

Жами 3 кун дам олиш.

Ҳафтада 6 кун ишлайдиганлар учун:

  • 21 март — байрамлар;
  • 22 март — якшанба;

Жами 2 кун дам олиш.

Мутахассислар айримлар узоқроқ дам олишга ўргангани учун 2–3 кунлик танаффус қисқадек туюлиши мумкинлигини, аммо амалдаги қонунчилик шундай тартибни белгилашини таъкидламоқда. Қонунчиликка ўзгартиш киритилса, бу ҳақда қўшимча маълумот берилиши айтилган.

2026 йилда 8 март — Хотин-қизлар куни якшанба, дам олиш кунига тўғри келади.

Ҳафтада 5 кун ишлайдиганлар учун:

  • 7 март — шанба дам олиш;
  • 8 март — байрам;
  • 9 март — кўчирилган дам олиш куни.

Жами 3 кун дам олиш.

Ҳафтада 6 кун ишлайдиганлар учун:

  • 8 март — байрам;
  • 9 март — кўчирилган дам олиш куни.

Жами 2 кун дам олиш.

Амалдаги тартибга кўра, байрам ва дам олиш кунлари устма-уст келганда, дам олиш куни кейинги иш кунига кўчирилади.

Chat