Қуйида энг муҳим янгиликлар ҳақида батафсил маълумот берамиз.
Рақамлаштириш: Онлайн хизматлар кўлами кенгаймоқда
Март ойидан бошлаб фуқаролар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали яшаш жойи тўғрисидаги маълумотларни ҳамда ўзларига тегишли турар жойда рўйхатда турган шахслар ҳақидаги маълумотларни таҳрирлаш имкониятига эга бўладилар.
Шунингдек:
Ўлим ҳолати қайд этилганлиги ҳақидаги ҚР-кодли маълумотнома автоматик тарзда яқин қариндошларнинг давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинетига юборилади;
ҚР-кодли ҳужжат гербли гувоҳномага тенглаштирилади;
Фуқаролар суд ишлари бўйича дастлабки маълумотларни онлайн тарзда олишлари мумкин бўлади;
Футбол учрашувларига чипталар шахсни идентификация қилиш тизими ва ҚР-код орқали махсус тизимда сотилади.
Чет элликлар учун ўзбек тили имтиҳони
Хорижий фуқаролар учун ўзбек тилини билиш даражасини аниқловчи CEFR стандартлари (А1, А2 ва Б1 даражалари) бўйича сертификат бериш тизими жорий этилади. Мазкур сертификат давлат тилини билиш даражасининг расмий тасдиғи ҳисобланади.
Бизнес: Янги қоидалар ва қўллаб-қувватлаш
1 мартдан бошлаб:
“Ягона дарча” тамойили асосида “Бизнес ҳамроҳ” лойиҳаси ишга туширилади;
Давлат органлари раҳбарларининг тадбиркорлар билан мулоқот қилишининг янги формати жорий этилади;
Давлат фуқаролик хизматидаги бўш лавозимларни эгаллаш қоидалари ўзгаради;
«Лицензия» тизимида ҳужжат топширишдан аввал талабларга мувофиқликни ихтиёрий равишда дастлабки баҳолаш имконияти пайдо бўлади.
Ёш тадбиркорлар учун инфратузилмага уланиш харажатларини компенсация қилиш кўзда тутилган. Электромобилларда ўзини ўзи банд қилган такси ҳайдовчилари ижтимоий солиқ бўйича 10% чегирмага эга бўладилар ва давлат автотураргоҳларидан 30 дақиқагача бепул фойдаланишлари мумкин.
Божхона ва давлат харидлари
Товарлар келгунга қадар уларни дастлабки декларациялашда:
Божхона расмийлаштируви йиғими 20% га камаяди;
Тўловларни 14 кунгача кечиктиришда фоизлар ҳисобланмайди.
Давлат харидлари порталида сунъий интеллект технологиялари асосида ўртача бозор нархини ҳисоблайдиган электрон модул ишга туширилади.
Қурилиш соҳасида назорат
Хавфсиз деб топилмаган қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари ва етказиб берувчиларининг электрон реестри тузилади. Маҳсулоти ушбу рўйхатга киритилган компаниялар давлат харидларида иштирок эта олмайди. Хавфли маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар рўйхати очиқ эълон қилинади.
«Ўзбеккосмос» агентлиги ҳудудлардаги қурилиш майдончаларини доимий мониторинг қилишни бошлайди. Шунингдек, қуйидагилар жорий этилади:
Кўприк ва туннелларнинг сейсмик чидамлилигини онлайн мониторинг қилиш;
Сунъий интеллект ёрдамида биноларнинг ҳолатини таҳлил қилиш;
Потенциал сейсмик хавфли ҳудудларни прогноз қилиш.
Нотариат ва суд
Нотариуслар ижара, коммунал тўловлар ва мажбурий бадаллар бўйича қарздорликларни ундиришни ўз ичига олган, эътирозсиз талаблар бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараваригача бўлган миқдорда ижро хатларини чиқариш ҳуқуқига эга бўладилар.
Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ) сифатида рўйхатдан ўтмаган нодавлат ташкилотлар томонидан суд-экспертиза тадқиқотларини ўтказиш тақиқланади.
Ижтимоий соҳа
«Инсон» марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болали оилаларни қўллаб-қувватлаш учун “Меҳрли оила” хизмати ишга туширилади. Ота-оналарга бепул оилавий терапия хизмати кўрсатилади. Деменция, Паркинсон ва Альтсгеймер касаллиги билан диспансер назоратида бўлган беморлар учун “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида кундузги парваришлаш хизматлари жорий этилади.
Экология ва интеллектуал мулк
Фон мониторинги станцияларини ўрнатмаган ва уларни миллий эко-назорат тизимига интеграция қилмаган И ва ИИ тоифадаги корхоналар компенсация тўловларини беш баравар миқдорда тўлайдилар. Табиатга етказилган зарар учун компенсациядан озод қилиш бўйича имтиёзлар эндиликда фақат қонун билан белгиланиши мумкин.
Интеллектуал мулк соҳасидаги қоидабузарликлар "Бизнеснинг барқарорлик рейтинги"га таъсир қилади: жарималар балларни камайтиради, рўйхатдан ўтган савдо белгилари (товар белгилари) эса балл қўшади.
Архив хизматлари тезлашади
Қуйидаги хизматлар бўйича муддатлар қисқартирилади:
Ўқиганлик ҳақидаги архив маълумотномаларини бериш;
Йўқолган меҳнат дафтарчаларидаги ёзувларни тасдиқлаш;
Архив ҳужжатларини вақтинча хорижга олиб чиқиш учун рухсатномаларни расмийлаштириш.
Муддати ўтган товарлар — тақиқда
1 мартдан бошлаб рақамли маркировка тизимига кирувчи, яроқлилик муддати ўтган товарларнинг сотуви автоматик равишда блокланади. Касса аппаратлари бундай маҳсулотлар учун чек чиқара олмайди.
Туризм ва «яшил» стандартлар
Ҳар йили 10 та энг яхши туристик стартап харажатларининг 50% игача (лекин 1 млрд сўмдан кўп бўлмаган миқдорда) субсидия олиши мумкин. Меҳмонхоналарга халқаро миқёсда тан олинган «яшил» сертификатларни олиш харажатларининг ярми қоплаб берилади.