Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Болага дўстона юридик ёрдам механизмларини кучайтириш

  • 04.03.2026
  • 56 марта ўқилди

“Мадад” ННТ ижрочи директори Ш.Саидов UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Рақамли технологиялар ва соҳалараро ҳамкорлик орқали болаларнинг ҳуқуқий ахборот ва юридик ёрдамга бўлган имкониятларини кенгайтириш» қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилган семинар-тренингда кириш сўзи билан иштирок этди.


Таъкидланишича, лойиҳанинг асосий вазифаларидан бири — болаларга бепул, гендер-сезгир ва болага дўстона юридик ёрдам кўрсатишнинг самарали механизмларини жорий этишдир. Бу суд ва тергов босқичларида боланинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини профессионал, холис ҳамда боланинг энг яхши манфаатлари тамойили асосида ҳимоя қилишни назарда тутади.

 

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси тавсиясига кўра 10 нафар адвокат лойиҳага жалб этилиши режалаштирилган. Улар зўравонликдан жабрланган болалар манфаатларини судларда ҳимоя қилиш, оилавий низоларда бола ҳуқуқларини ифодалаш ҳамда тергов ва суд жараёнларида болага дўстона ҳуқуқий ҳамроҳликни таъминлаш каби масъулиятли вазифаларни амалга оширади.

 

Кириш сўзида Президент томонидан куни кеча имзоланган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармон аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Унга кўра, тазйиқ ва зўравонликка оид жиноят ишлари махсус тайёргарликдан ўтган терговчи ва судьялар томонидан кўриб чиқилиши белгилангани қайд этилди.

Шу билан бирга, мазкур ёндашув адвокатлар зиммасига ҳам юксак масъулият юклашини, болалар манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокатлар чуқур билим ва махсус кўникмаларга эга бўлиши ниҳоятда муҳим экани таъкидланди.

Chat