Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Кўчмас мулк ва транспортлар олди-сотдисида  ҳисоб-китоблар энди нақдсиз шаклда нотариус ва банклар ўртасидаги электрон маълумотлар алмашинуви орқали амалга оширилади

  • 17.03.2026
  • 47 марта ўқилди

Президентнинг 2025 йил 10 декабрдаги “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-246-сон Фармонига асосан, сотувчи ва харидор ўртасидаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш механизмларини белгилаш ҳамда битимларни расмийлаштириш жараёнида ахборот хавфсизлиги ва маълумотларнинг ишончлилигини таъминлаш мақсадида:

Адлия вазирлиги Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартиби тўғрисидаги низомни (рўйхат рақами: 3790, 16.03.2026 й.) давлат рўйхатидан ўтказди.

2026 йил 1 апрелдан кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган М, N, О ва G тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаларини тасдиқлашда тарафлар ўртасидаги ҳисоб-китобларнинг амалга оширилганлиги нотариус ва банклар ўртасидаги электрон маълумотлар алмашиш йўли билан аниқланади.

Унга кўра, эндиликда нотариуслар кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлашни тарафлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар бўйича банклар томонидан тақдим этилган электрон маълумотлар асосида амалга оширади.

Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳисоб-китоблар қуйидаги тартибда амалга оширилади:

Харидор ёки унинг вакили банкка ёзма ёки электрон шаклдаги ариза билан мурожаат қилади;

Банк томонидан тарафлар ўртасида шартнома бўйича келишилган пул маблағлари нақд ёки нақдсиз шаклда эскроу ҳисобварағига кирим қилинади;

Шартнома тўлов мажбуриятларини кечиктириш шарти билан амалга оширилса, тегишли эскроу ҳисобварағига тарафлар ўртасида келишилган (бошланғич) пул маблағлари кирим қилинади;

Шартнома тўлиқ ёки қисман кредит маблағлари асосида амалга оширилганда, бу ҳақда кредит ажратаётган банк томонидан нотариусга электрон маълумот юборилади;

Харидор ёки унинг вакилининг банкдаги (банк картаси, талаб қилиб олингунча, электрон ҳамён) ҳисобварақларидан эскроу ҳисобварақ сифатида фойдаланилиши мумкин;

Тарафлар олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун нотариусга мурожаат қилади;

Нотариус эскроу ҳисобварағида маблағлар мавжудлигини электрон шаклда текшириб олади ҳамда шартномани тасдиқлайди;

Пул маблағлари сотувчи ёки унинг вакилининг ҳисобварағига ўтказилади ёки ҳисобварағига ўтказилган маблағлар уларнинг сўровига кўра нақд шаклда тақдим этилади.

Chat