Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Фуқароларга кредит расмийлаштирилгани ҳақида дарҳол хабар берувчи хизмат ишга туширилди

  • 30.03.2026
  • 87 марта ўқилди

Кредит-ахборот таҳлилий маркази янги «Кредит хабарнома» хизматини ишга туширди. У орқали фуқаролар ўз номига расмийлаштирилган кредитлар ҳақида SMS ва push-хабарнома орқали дарҳол маълумот олади. Хизмат ноқонуний кредитларни ўз вақтида аниқлашга ёрдам беради.


Марказий банк ташаббуси билан Кредит-ахборот таҳлилий маркази кредит бюроси «Кредит хабарнома» хизматини йўлга қўйди. Хизмат орқали фуқаролар ўз номига янги кредит шартномаси расмийлаштирилгани ҳақида дарҳол хабардор бўлади. Хабарномалар SMS орқали ва КАТМ мобил иловасида push-билдиришнома кўринишида юборилади.

КАТМ хабарига кўра, мазкур хизмат 16 мартдан бошлаб КАТМ мобил иловаси ва расмий веб-сайти орқали фойдаланувчиларга тақдим этилмоқда.

Янги хизмат ноқонуний ёки шахс розилигисиз расмийлаштирилган кредитларни ўз вақтида аниқлашга хизмат қилади. Шунингдек, фойдаланувчилар ўз кредит тарихи маълумотларини доимий равишда назорат қилиб бориши мумкин. Барча маълумотлар мобил иловада жамланган.

 

Хизматдан фойдаланиш учун КАТМ мобил иловасидаги «Қўшимча хизматлар» бўлими орқали «Кредит хабарнома» функциясини фаоллаштириш лозим. Бунда SMS хабарнома хизмати аввалдан уланган бўлиши керак.

Хизмат пулли бўлиб, унинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,01 баробари (ҚҚСсиз) ёки 4 614,40 сўм (ҚҚС билан)ни ташкил этади. Хизмат 1 йил давомида амал қилади ва тўлов амалга оширилгандан сўнг автоматик тарзда фаоллаштирилади.

Агар фуқарога кредит расмийлаштирилгани ҳақида хабарнома келиб тушса ва бу кредит у томонидан олинмаган бўлса, аввал КАТМ мобил иловаси орқали кредит тарихини текшириш тавсия этилади. Зарур ҳолларда «Кредитга тақиқ» хизматини фаоллаштириш, кредит расмийлаштирилган ташкилотга ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш мумкин.

Агар хабарнома фуқаро томонидан расмийлаштирилган кредитга тегишли бўлса, қўшимча ҳаракат талаб этилмайди.

Иловани Google PlayAppStore ва AppGallery орқали юклаб олиш мумкин.

Chat