Ўзбекистон 2026 йилда сунъий йўлдош интернетини синовдан ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда бош вазир Абдулла Арипов Чимкентда бўлиб ўтган Digital Qazaqstan 2026 халқаро форумида таъкидлади, дея хабар қилди Digital Bussiness.
Ҳукумат раҳбари қайд этишича, охирги тўққиз йилда Ўзбекистон тармоққа уланишни таъминлашда улкан ютуққа эришиб, рақамли тенгсизлик масаласини деярли тўлиқ ҳал қилди.
Энди асосий эътибор сунъий йўлдош технологияларини жорий этиш орқали чекка ҳудудларга қаратилмоқда. Арипов мамлакатда кенг полосали интернет қамрови аллақачон 41 фоиздан 99,5 фоизгача ошганини билдирди.
«Биз чекка ҳудудларни улаш вазифасини ҳал этяпмиз — жорий йилнинг ўзидаёқ сунъий йўлдош интернетини синов тариқасида ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, унинг операторлари учун солиқ имтиёзлари пакети шакллантирилган», — деди Ўзбекистон бош вазири.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2026 йилдан бошлаб мамлакатнинг чекка ҳудудларини юқори тезликдаги интернет билан таъминлайдиган сунъий йўлдош интернет операторлари ишлай бошлашини маълум қилганди. Улар беш йил муддатга ер, мол-мулк, даромад ва ҚҚС солиқларидан озод қилинади.
Октябрь ойи бошида Ўзбекистон Amazon билан сунъий йўлдош интернетини ишга тушириш бўйича дастлабки келишувга эришганди. Рақамли технологиялар вазирлиги ва Amazon Kuiper Commercial Service ўзаро англашув меморандумини имзолаган.
2024 йил август ойида Қозоғистон Илон Маскнинг SpaceX компаниясининг Starlink сунъий йўлдош интернетини ишга туширган Марказий Осиёдаги биринчи давлат бўлганди — энг мақбул тариф режаси ойига $43 атрофида. Октябрь ойида Тожикистон алоқа хизмати ҳам Starlink билан шундай шартнома имзолади, тизимнинг Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда ишга туширилиши эса 2025−2026 йилларда кутилмоқда. Ўзбекистон уланиши дастлаб 2023 йилда режалаштирилганди.