Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш, шаҳар ва ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш, экологик таълим ва маданиятни юксалтириш, чўлланишга қарши курашишнинг илмий ва амалий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар кўриб чиқилди.
Аввало, “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ҳақида маълумот берилди. Қайд этилишича, бугунги кунда Тошкент шаҳрида ҳавонинг ифлосланиш даражаси белгиланган меъёрлардан ошиб кетиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Худди шундай ҳолат Навоий, Фарғона, Чирчиқ ва Термизда ҳам кузатилмоқда.
Саноатнинг ўсиши, углерод ёқилғисидан кенг фойдаланиш, транспорт воситаларининг кўпайиши, табиий омиллар ва назоратнинг етарли даражада эмаслиги асосий омиллар сифатида кўрсатилди. Шу муносабат билан 2030 йилгача қуйидаги асосий мақсадлар белгиланди:
атмосферага ифлослантирувчи моддалар чиқариш ҳажмини қисқартириш;
саноат объектларида чиқиндиларни тутиб қолиш улушини ошириш;
транспортдан чиқадиган зарарли ташламаларни камайтириш;
ПМ2,5 бўйича меъёрдан ошган кунлар сонини камайтириш.
Тошкентда ПМ2,5 концентрацияси 2025 йилга нисбатан сезиларли даражада камайгани қайд этилди. Келгусида ҳудудий дастурларни босқичма-босқич қабул қилиш, ҳар бир ҳудудда таҳлил ва диагностика ишларини ташкил этиш, ҳавони мониторинг қилишнинг ягона тизимини яратиш ва ифлослантирувчи манбаларни хатловдан ўтказиш режалаштирилган.
“Тоза ҳаво” лойиҳасида энергетика ва саноатга алоҳида эътибор қаратилган. Қисман муқобил энергия ҳисобига маҳсулот ишлаб чиқараётган корхоналарга солиқ имтиёзлари ва молиявий рағбатлар бериш, автоматик мониторинг станциялари, фильтрлар, чанг-газ тозалаш ва энергия тежамкор қурилмаларни кенг жорий этиш кўзда тутилган.
Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги саноат корхоналарида маълумотларни ягона геоахборот тизимига интеграция қилган ҳолда мажбурий автоматик мониторинг постлари ўрнатилади. Талабларга риоя қилмаган субъектлар учун компенсация тўловлари сезиларли даражада оширилади. Қурилиш соҳасида ҳам экологик талаблар кучайтирилмоқда.
Янги йирик объектларни лойиҳалаштиришда кўкаламзорлаштириш улуши оширилади, қурилиш материалларини ёпиқ жойларда сақлаш, чиқиндиларни махсус қувурлар ва контейнерлар орқали утилизация қилиш, қурилиш майдонларини ҳимоя тўсиқлари билан ўраш, шунингдек, онлайн кузатув камераларини ўрнатиш кўзда тутилган.
Шунингдек, “шамол йўлаклари”ни сақлаб қолиш, қурилишда экологик экспертиза хулосаларини инобатга олиш, шаҳарнинг экологик ва сув ресурсларини бошқариш бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш таклиф этилди. Чанг ҳосил қилувчи табиий омилларни камайтириш бўйича қуйидаги чоралар белгиланди:
Тошкент шаҳри атрофида “яшил белбоғ” барпо этиш;
Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида “яшил деворлар”ни шакллантириш;
сунъий кўллар ва сув ҳавзалари қуриш;
пойтахт туманларида фавворалар сонини кўпайтириш;
баргларни компост ва мулчага қайта ишлашни йўлга қўйиш.
Мазкур чора-тадбирлар чанг зарралари концентрациясини камайтириш ва шаҳар муҳитини соғломлаштиришга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда “10 минг қадам пиёда” ташаббусини қайта тиклаш режалаштирилган. Ҳукумат аҳоли ўртасида экологик маданиятни оширишни мақсад қилган.