Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Молиявий жарималарни қўллаш тартиби янада либераллаштирилади

  • 16.04.2026
  • 61 марта ўқилди

Молиявий жарималарни қўллаш тартиби янада либераллаштирилади


“Молиявий жарималарни қўллаш тартибини янада либераллаштириш ва суд назорати самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чоралар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–138-сон, 15.04.2026 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 октябрдан:

✅ ваколатли органларнинг молиявий жаримани қўллаш тўғрисидаги қарори тадбиркорнинг танловига кўра қуйидаги шакллардан бирида ихтиёрий ижро этилиши мумкин:

♦ ваколатли органнинг молиявий жаримани қўллаш тўғрисидаги қарори топширилган кундан бошлаб 1 ой муддатда жарима миқдорининг 50 фоизини ихтиёрий равишда тўлаш шарти билан жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод этиш;

♦ қўлланган молиявий жарима суммасини 6 ой давомида 
тенг миқдорларда бўлиб-бўлиб тўлаш;

✅ ваколатли органнинг молиявий жаримани қўллаш тўғрисидаги қарори суд томонидан бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, ундирилган маблағлар, шу жумладан, молиявий жарима ҳамда пеня йўналтирилган манбалар ҳисобидан 15 кун муддатда мутаносиб равишда қайтарилади;

✅ юқоридаги белгиланган муддатда қайтарилмаган суммага нисбатан қайтариш муддати бузилган ҳар бир календарь кун учун Марказий банк асосий ставкасининг 300 дан бирига тенг миқдорида фоиз тўланади.

Молиявий жарималарни қўллаш жараёнларига рақамли технологиялар жорий этилади


Қарорга кўра, 2027 йил 1 январдан Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан юритиладиган “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида тадбиркорларга нисбатан қўлланган молиявий жарималарнинг электрон реестри жорий этилади. Бунда:

♦ ваколатли органларнинг молиявий жарималарни қўллаш тўғрисидаги қарорлари улар қабул қилинганидан сўнг 3 иш кунида мажбурий тартибда ушбу электрон реестрга электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда, мазкур жараён тўлиқ рақамлаштирилган ҳолларда эса бундай қарорлар ўзаро интеграциялашган ахборот тизимлари орқали автоматик равишда киритилади;

♦ электрон реестрга киритилмаган ва электрон рақамли имзо билан тасдиқланмаган қарорлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва улар асосида молиявий жарима ундирилмайди;

♦ электрон реестрда тадбиркор томонидан содир этилган қилмишнинг такрорийлигига оид маълумотлар базаси юритилади ва хавфни бошқариш тизими ёрдамида таҳлил қилиб борилади.

2027 йил 1 апрелга қадар солиқ тўловчи – тадбиркорнинг шахсий кабинети орқали ваколатли органларнинг молиявий жаримани қўллаш тўғрисидаги қарорлари устидан судга онлайн шикоят бериш имконияти яратилади. 

✔️ Бунда иш юритувга қабул қилинган шикоятлар бўйича қарорларнинг ижросини тўхтатиб туриш ҳақида суд томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар автоматик равишда хабардор қилинади.

Chat