Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

"Е-Антикоррупция" лойиҳаси ишга туширилади

  • 13.05.2022
  • 444 марта ўқилди

“Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–240, 11.05.2022 й.)  қабул қилинди. 

Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 сентябрдан, қуйидагиларни назарда тутувчи "Е-Антикоррупция" лойиҳаси тўлиқ ишга туширилади:

  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларнинг фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни мажбурий аниқлаш ва баҳолаш;
  • “Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри”ни шакллантириш ва юритиш;
  • коррупциявий хавф-хатарларни қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, инсон омилини қисқартириш ва тегишли тартиб-таомиллар ва функцияларни рақамлаштириш, шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш орқали бартараф этиш.

Лойиҳа “E-Anticor.uz” электрон платформасида амалга оширилади.

Шунингдек, 2023 йил 1 январгача давлат бошқаруви органларида қуйидаги талаблар асосида кадрлар билан ишлаш йўналишидаги автоматлаштирилган тизим жорий этилади:

  • вакант лавозимларни эълон қилишдан тортиб, танлов ўтказиш ва ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришгача бўлган жараёнларни тўлиқ электрон тарзда амалга ошириш;
  • таркибий тузилма, штатлар, лавозимлар ва ходимлар тўғрисидаги  маълумотларни ягона электрон базага жамлаган ҳолда ахборотни тўплаш ва унга ишлов бериш;
  • кадрларга оид иш юритув ҳужжатларини электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда фақат тизим орқали электрон шаклда қабул қилиш ва юритиш;
  • ходимларнинг иш фаолияти самарадорлигини автоматик баҳолаш ва уларни масофавий ўқитиш;
  • кадрлар бўйича маълумотларнинг электрон архивини юритиш.
Chat