Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

“Янги авлод тадбиркорлари” дастури ишга туширилади

  • 27.04.2026
  • 65 марта ўқилди

“Янги авлод тадбиркорлари” дастури ишга туширилади


“Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегиясини 2026–2027 йилларда амалга ошириш ҳамда ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–148-сон, 20.04.2026 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2030 йилга қадар 20 минг нафар ёшларни тадбиркорликка ўқитишга мўлжалланган Ёшлар ишлари агентлигининг “Янги авлод тадбиркорлари” дастури ишга туширилади, унга кўра: 

► маҳаллий ва хорижий экспертлар (консультантлар) ҳамда хусусий сектор билан шартнома асосида ҳамкорлик қилинади, “Янги авлод тадбиркорлари” дастури доирасида ўқитиш учун ёшлар саралаб олинади;

► Дастури доирасида бизнес лойиҳасини ишлаб чиқиш, сотувга чиқиш ва бозорни кенгайтириш каби йўналишларни қамраб олувчи тадбиркорлик асослари бўйича билимлар бериб борилади; 

► лойиҳа якунида ёшларнинг билимлари синовдан ўтказилиб, ижобий ўзлаштириш кўрсаткичларига эришган энг яхши 1 минг нафар ёшларга Ёшлар ишлари агентлигининг сертификати берилади;

► сертификатга эга бўлган ёшларга БҲМнинг 500 бараваригача миқдорда Марказий банк асосий ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги фоиз ставкасида 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга ссуда ажратилади.

2026 йил 1 августдан туман фермерлари кенгашлари ҳузуридаги Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари томонидан бошлиғи ёшлар бўлган янги ташкил этилган фермер хўжаликларига аъзолик бадаллари тўланганлиги ҳамда пахта ва ғалла етиштиришидан қатъи назар 2 йил давомида бепул хизмат кўрсатилади. 

2026 йил 1 июлдан ёшлар ташкил этган тадбиркорларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига (электр энергияси, ичимлик суви ва оқова сув тармоғи) улаш билан боғлиқ давлат хизматлари харажатларининг кўпи билан БҲМнинг 10 бараваригача бўлган қисми қоплаб берилади.

Ёшларни давлат хизматига қабул қилиш жараёнларида ягона ёндашув таъминланади


Қарорга кўра , 2026 йил 1 июлдан ёшларни давлат хизматига қабул қилиш жараёнларида ягона ёндашувни таъминлаш бўйича қуйидаги тартиблар жорий этилади:

суҳбат босқичида бериладиган саволлар (топшириқлар) давлат органининг расмий веб-сайтида камида 1 ой олдин эълон қилинади, 1 ой олдин эълон қилинмаган саволларни номзодларга бериш тақиқланади;

ички танловлар ўтказилмайдиган ҳамда танловларни ўтказишда номзодларга нисбатан умумий ёки махсус иш стажига оид талаблар белгиланмайдиган лавозимлар рўйхати ҳамда танловларни ўтказишда номзодларга нисбатан кўпи билан 2 йил умумий ёки махсус иш стажига оид талаблар қўйиладиган лавозимлар рўйхати белгиланади.

Шунингдек, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган ҳамда замонавий касблар реестри (Реестр) шакллантирилади.

Реестрга киритилган касбларга ўқиган ёшларнинг касбий кўникмаларини баҳолаш – миллий сертификациялаш тизими жорий этилади.

Замонавий касблар бўйича миллий сертификат олган қуйидаги тоифадаги ёшларнинг харажатлари “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади:

▫️ Ижтимоий реестрга киритилган давлат таъминотидаги оилалар ва камбағал оилаларнинг фарзандларига ўқиш ва имтиҳон харажатлари;
▫️ “камбағаллик чегарасидаги оила” тоифасига киритилган оилаларнинг фарзандларига имтиҳон топшириш харажатлари.

“Spin-off” корхоналарига грант ажратилади


Қарорга кўра, 2026 йил 1 октябргача ҳар бир туман (шаҳар)да техникум ва нодавлат қўшимча таълим ташкилотларида касб-ҳунар устахона-лабораториялари ташкил этилади. 

Бунинг учун касб-ҳунар устахона-лабораториясини ташкил этиш истагини билдирган ташаббускорга БҲМнинг 1 200 бараваригача миқдорда 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга фоизсиз ссуда ажратилади. 

2026 йилдан тижоратлаштириш салоҳияти юқори бўлган стартап лойиҳалар асосида янги маҳсулотлар ва техника-технологияларни яратиш учун давлат техникумлари ҳузурида “spin-off” корхоналарини ташкил этишга рухсат берилади. Бунда:

► корхоналар устав фондидаги давлат улушини 5 йил муддат давомида хусусийлаштириш ман этилади;

► тегишли муассасаларнинг бўш турган бино ва иншоотларидаги майдонлар 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга ижарага берилади; 

Бундан ташқари, “spin-off” корхоналарига техникум ўқувчиларининг стартап лойиҳаларини амалга ошириш учун Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 млрд сўмгача грант ажратилади.

Chat