Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Маданият ва санъат соҳасида бошқарув такомиллаштирилади

  • 27.04.2026
  • 49 марта ўқилди

Маданият ва санъат соҳасида бошқарув такомиллаштирилади


“Маданият ва санъат соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда хусусий сектор иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–150-сон, 21.04.2026 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, Маданият вазирлиги тизимидаги маданият марказлари қуйидаги шаклларда трансформация қилинади:

► Маданият вазирлиги тизимидаги маданият марказлари фаолияти номоддий маданий меросни тарғиб қилиш, ҳаваскорлик санъатини ривожлантириш, шунингдек, технология, муҳандислик, ҳунармандчилик ва бошқа янги йўналишларда йўлга қўйилади;

► туман (шаҳар) ҳокимликлари тизимига ўтказилади;

► хусусий инвестицияларни жалб этиш ва (ёки) илғор бошқарув тажрибасини жорий этиш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида фаолияти йўлга қўйилади;

► ресурслардан оқилона фойдаланиш учун самарасиз маданият марказлари фаолияти мақбуллаштирилади.

2026 йил 1 июлдан “Тумор” давлат рақс ансамбли” давлат муассасаси ташкил этилади. 

Маданият бўлимлари Маданият вазирлиги томонидан юритиладиган рейтинг натижалари асосида рағбатлантирилади. Бунда:

► рейтинг 2027 йилдан бошлаб ҳар йилнинг якуни бўйича юритилади ҳамда унда маданий тадбирларга аҳоли қамрови ва миллий қадриятларни асраш билан боғлиқ кўрсаткичларга устуворлик берилади;

► рейтингда энг юқори ўринни эгаллаган маданият бўлимлари Давлат бюджети ҳисобидан рағбатлантириб борилади.

Маданият таълими муассасалари ривожлантирилади


Қарорга кўра, 2026/2027 ўқув йилидан Республика мусиқа ва санъат техникуми ҳамда Республика эстрада ва цирк техникумида:

► 2 йиллик бошланғич касбий таълим, 6 ойдан 2 йилгача бўлган муддатда ўрта касбий таълим ҳамда камида 2 йиллик ўрта махсус касбий таълим дастурлари асосида ўқитиш тизими жорий этилади;

► бакалавриат таълим дастурлари билан интеграциялаштирилган “2+2” дастурлари асосида ўқитишга рухсат берилади.

Шунингдек, 2026/2027 ўқув йилидан Маданият вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактабларида:

► ўқувчилар мусиқа йўналишида 5-синфдан ҳамда рақс, театр, халқ ижодиёти, тасвирий ва амалий санъат йўналишларида 
9-синфдан бошлаб қабул қилинади;

► мактаб-интернатлар учун белгиланган амалдаги нормалар татбиқ этилади, жумладан, мактаб ўқувчиларининг таълим олиш ва яшаш харажатлари тўлиқ Давлат бюджети ҳисобидан, уларни овқатлантириш харажатлари Давлат бюджети ҳамда ота-оналар тўлови маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

► Маданият вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатларнинг битирувчиларига болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.

2026 йил 1 июлдан тажриба тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида биттадан “Маданият меҳмонхонаси” маданий кластери инвестиция лойиҳаси (инвестиция лойиҳаси) амалга оширилади.

Chat