“Тиббиёт соҳасида хусусий секторни қўшимча қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–74-сон, 05.05.2026 й.) қабул қилинди.
✅ Фармонга кўра, 2026 йил 1 июлдан:
♦ нодавлат тиббиёт ташкилотларига давлат тиббий суғуртаси ҳамда лицензия доирасида барча йўналишларда беморларга Давлат бюджети ҳисобидан тиббий хизматларни кўрсатишга рухсат берилади. Бунда даволаш харажатлари давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари учун ягона базавий нархлар асосида қоплаб берилади;
♦ Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига ажратилган маблағлар доирасида беморларга тиббиёт ташкилотларида ихтисослаштирилган амбулатор тиббий хизматлар кўрсатиш ва жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун йўлланма бериш тартиби жорий этилади;
♦ беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағларни тиббиёт ташкилотлари кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилинади ҳамда касалликлар йўналишлари кесимида ойлик маблағлар ҳажмини белгилаш тартиби жорий қилинади;
♦ тиббиёт ташкилотлари томонидан тиббий фаолият учун лицензия талаблари ва шартлари бузилган тақдирда, лицензиянинг амал қилишини фақат бундай бузилишларга йўл қўйилган тиббий ихтисослик тури қисмида тўхтатиб туриш амалиёти йўлга қўйилади;
♦ туғуруқни қабул қилиш йўналишида тиббиёт ташкилотларини ташкил этишда бактериологик лаборатория хизматларини аутсорсинг асосида йўлга қўйишга рухсат берилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (Агентлик) этиб қайта номланади.
Фармонга кўра, Миллий ёки халқаро аккредитациядан ўтган нодавлат тиббиёт ташкилотларига 2027 йил 1 майдан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб асосида трансплантация амалиёти билан шуғулланишга рухсат берилади. Бунда:
♦ нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш тартибига риоя этилиши тиббий фаолият учун лицензия талаб ва шартлари этиб белгиланади;
♦ нодавлат тиббиёт ташкилотларининг инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш билан боғлиқ фаолияти “хавфни таҳлил қилиш” тизими орқали хавфи юқори кўрсаткичга
эга фаолият ҳисобланади;
♦ нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан трансплантация амалиёти амалга оширилган беморлар ва донорлар тўғрисидаги маълумотлар мажбурий тартибда Соғлиқни сақлаш вазирлигига мунтазам тақдим этиб борилади.
2027 йил 1 январдан тажриба-синов тариқасида Самарқанд вилоятида ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари бино-иншоотларини қуриш ва уларда реконструкция ишларини олиб бориш бўйича қуйидаги таклифлар маъқулланди:
► объектларда тадбиркорлар ўз маблағлари ҳисобидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган лойиҳалар асосида қурилиш-монтаж ишларини олиб боради;
► қурилиш-монтаж ишлари якунлангандан сўнг белгиланган тартибда объектларда назорат ўлчови ўтказилади;
► объектларни қабул қилиш ишлари якунлангач тадбиркорларга белгиланган маблағлар тўлаб берилади.
“Тиббиёт соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–170-сон, 05.05.2026 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 июлдан:
♦ Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази” давлат муассасаси (Марказ) тиббий фаолиятни лицензиялаш бўйича ишчи орган сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги номидан лицензия бериш ҳамда лицензиялаш билан боғлиқ бошқа барча функцияларни амалга оширади;
♦ тиббиёт ташкилотларида тиббий хизмат сифатини назорат қилиш бўйича алоҳида тузилма фаолиятини йўлга қўйиш лицензия талаб ва шартлари этиб белгиланади;
♦ тиббий фаолиятни лицензиялаш талаб ва шартларига риоя қилиниши ҳамда тиббий хизмат сифатини назорат қилиш бўйича:
▪️ текширув бошлангандан сўнг 24 соат ичида “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартиби жорий қилинади;
▪️ текширув ўтказаётган назорат қилувчи органга нисбатан илгари текширилган фаолият даври, предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказилмаслигига оид талаблар татбиқ қилинмайди;
▪️ ўтказиладиган профилактика тадбирлари тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларни кўздан кечириш орқали амалга оширилиши мумкин;
♦ тиббиёт ташкилотларини миллий аккредитациядан ўтказиш ваколати белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилган тиббиёт соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотларига ҳам берилади.
Қарорга кўра, давлат тиббиёт муассасаларига лицензия бериш орқали уларда лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш тизими жорий этилади. Бунда қуйидаги муддатларда лицензия олиниши мажбурий этиб белгиланади:
♦ республика даражасидаги давлат тиббиёт муассасалари – 2027 йил 1 апрелга қадар;
♦ ҳудудий даражадаги давлат тиббиёт муассасалари – 2028 йил якунига қадар;
♦ туман (шаҳар) даражасидаги давлат тиббиёт муассасалари – 2030 йил якунига қадар.
⛔️ 2028 йил 1 апрелдан Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига миллий ёки Соғлиқни сақлашда сифат бўйича халқаро жамияти (ISQua) томонидан аккредитациядан ўтказилган ташкилотларнинг аккредитацияси (халқаро аккредитация)дан ўтмаган республика даражасидаги давлат тиббиёт муассасалари ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари билан тиббий хизматлар хариди бўйича шартнома тузиш тақиқланади.
2027 йил 1 апрелдан тиббий фаолиятни лицензиялашда тиббиёт ташкилотларининг ахборот тизимларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган ягона талабларга (стандартларга) мослаштирган ҳолда Рақамли соғлиқни сақлаш платформасига мажбурий тартибда бепул интеграция қилиш орқали маълумот алмашинувини таъминлаш шартлари киритилади.