Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Тошкентда янги метро линияси қурилади

  • 14.05.2026
  • 109 марта ўқилди

Лойиҳанинг биринчи босқичида “Мингўрик — Жанубий вокзал”, иккинчи босқичида эса уни Чилонзор буюм бозоригача узайтириш режалаштирилмоқда.


Шавкат Мирзиёев Тошкент метрополитенида йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, инфратузилмадан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда Тошкентда “Мингўрик” станциясидан Чилонзор буюм бозоригача янги метро линияси қуриш режаси маълум қилинди. Лойиҳа амалга оширилгач, метро тармоғи 79 та станция ва умумий 103 километр узунликка етиши кутилмоқда.

2030 йилга бориб, метрополитеннинг кунлик йўловчи оқими 1,8 миллион нафаргача ошиши прогноз қилинган.

Метрони ривожлантириш доирасида йўл ҳақини тўлаш тизимини оптималлаштириш, янги поездлар харид қилиш, электр деполари қуриш ҳамда поездлар ҳаракати оралиғини 1,5–3 дақиқагача қисқартириш режалаштирилган.

Узоқ муддатли стратегияга кўра, метро тармоғини икки баробар кенгайтириш, ташиш ҳажмини 2,5 баробар ошириш, энергия тежамкор ва хавфсиз транспорт тизимини яратиш ҳамда йўловчилар учун қулайликларни кучайтириш назарда тутилган.

Шунингдек, вагонлар ва платформалардаги рақамли реклама майдонларини хусусий секторга ижарага бериш, станцияларда вендинг аппаратлари ва кичик савдо нуқталарини жойлаштириш, метро атрофида автотураргоҳлар ташкил этиш таклиф қилинди.

Бундан ташқари, бўш турган бино ва хоналарни коворкинг ҳудудлари ҳамда кичик офислар сифатида ижарага бериш режалаштирилмоқда.

Автомобил транспортидан метро тизимига қулай ўтишни таъминлаш мақсадида “Park&Ride” тизимини жорий этиш таклиф қилинган.

Тақдимотда метро паркини янгилаш ва янги электр деполари қуриш масалалари ҳам муҳокама қилинди. 2027–2030 йилларда зарур ҳаракат таркибини харид қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Шавкат Мирзиёев тақдим этилган режалар билан танишиб, метро шаҳар инфратузилмаси учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади ва лойиҳаларни амалга оширишни бошлаш бўйича топшириқ берди.

Chat