Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

1 июндан электр энергияси ва табиий газ учун янги тарифлар жорий этилади

  • 15.05.2026
  • 38 марта ўқилди

Маиший истеъмолчилар учун энергия ресурслари тарифлари ўртача 10 фоизга оширилади.


Аввалроқ, ҳар йили 1 майдан электр энергияси ва табиий газ нархлари йиллик инфляция даражасидан келиб чиқиб, кўпи билан 10 фоиз миқдорида индексация қилиниши ҳақида хабар берган эдик. Бу ҳукуматнинг 2025 йил 31 мартдаги қароридан келиб чиққан.

Вазирлар Маҳкамасининг "Ёқилғи-энергетика ресурсларига нархларни белгилаш тўғрисида"ги қарори билан 2026 йил 1 июндан бошлаб электр энергияси ва табиий газ учун янги тарифлар тасдиқланди.

Ҳужжатга кўра, I ва II гуруҳ истеъмолчилари учун 1 кВт/соат электр энергияси нархи 1 100 сўм этиб белгиланди. IV гуруҳ истеъмолчилари учун 1 кВт/соат электр энергияси нархи ҳам 1 100 сўмни ташкил этади.

III гуруҳ, шу жумладан аҳоли учун табақалаштирилган тарифлар сақлаб қолинди. Хусусан, овқат тайёрлаш учун марказлаштирилган электр плиталари билан жиҳозланган кўп квартирали уйлар ва ётоқхоналарда яшовчи аҳоли учун:

- ойига 200 кВт·соатгача - 325 сўм;
- 201 кВт·соатдан 500 кВт·соатгача - 450 сўм;
- 501 кВт·соатдан 1 000 кВт·соатгача - 550 сўм.

Қолган маиший истеъмолчилар учун:

- ойига 200 кВт·соатгача - 650 сўм (ҳозир 600 сўм);
- 201 кВт·соатдан 500 кВт·соатгача - 900 сўм (ҳозир 800 сўм);
- 501 кВт·соатдан 1 000 кВт·соатгача - 1 100 сўм (ҳозирда 1000 сўм).

Белгиланган меъёрлардан ортиқча истеъмол учун оширувчи коэффициентли тарифлар сақланиб қолади.

1 куб метр табиий газ нархи барча истеъмолчилар учун (айрим тоифадаги истеъмолчилар бундан мустасно) 2 000 сўм этиб белгиланди. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари учун тариф 1 кубометр учун 2750 сўмни ташкил этади.

Аҳоли учун табиий газ тарифлари ҳам табақалаштирилган тартибда сақланиб қолмоқда: иситиш мавсумида ойига 500 куб метргача ва бошқа мавсумларда ойига 100 куб метргача истеъмол қилинганда 1 куб метр газ нархи 1 100 сўмни ташкил этади (ҳозирда 1000 сўм).

Шунингдек, қарорда энергия ресурсларини етказиб беришда йўқотишларни камайтириш, энергия самарадорлигини ошириш ва хизматлар сифатини яхшилаш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди.

Chat