"Мадад" ННТ ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ўртасида ҳамкорликнинг янги истиқболлари муҳокама қилинди
03.07.2026
64 марта ўқилди
"Мадад" нодавлат нотижорат ташкилотида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими вакиллари билан амалий учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда "Мадад" ННТ раҳбари ташкилотнинг аҳолига бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш, Advice.uz ҳуқуқий ахборот порталини ривожлантириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги фаолияти ҳақида маълумот берди.
«Инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотларнинг самарали ҳамкорлигини талаб этади. "Мадад" ННТ БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси билан узоқ муддатли ва амалий шерикликни ривожлантиришга тайёр», — дея таъкидлади ташкилот раҳбари.
Учрашув давомида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим дастурларини амалга ошириш, маҳаллаларда ҳуқуқий хизматларни кенгайтириш, рақамли таълим платформаларини яратиш ҳамда қўшма грант ва пилот лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув очиқ ва конструктив руҳда ўтиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятини мустаҳкамлаш соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим замин яратди.