Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ўзбекистонда 30 йилдан ошган эски автомобиллар эгалари учун жарима жорий этилмайдиган бўлди

  • 09.07.2026
  • 91 марта ўқилди

Қонун лойиҳасидан эски автомобиллар учун ҳар йили экологик компенсация тўлаш талаби чиқариб ташланди. Ҳукумат мажбурий чоралар ўрнига рағбатлантирувчи чораларни қўлламоқчи.


Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги фойдаланилган автомобилларни утилизация қилиш тизими бўйича ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаси қайта кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

Агентликка кўра, Ўзбекистонда қарийб 5 млн автотранспорт воситаси мавжуд бўлиб, шундан 100 мингга яқини носоз ҳолатда. Улар шаҳарлардаги зарарли чиқиндилар ташламасининг 63%ини келтириб чиқармоқда. Шунингдек, битта эски автомобиль утилизация қилинганда тонналаб металл ва пластикдан ташқари 50 килограммгача хавфли қаттиқ чиқиндилар ҳосил бўлади.

Шу сабабли автомобиль паркини янгилаш ва экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида махсус қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Бироқ жамоатчилик муҳокамалари ва келиб тушган эътирозлардан сўнг лойиҳа “тубдан қайта ишланмоқда”.

Энг муҳим ўзгаришлардан бири — 30 йил ва ундан эски автомобиллар эгалари ҳар йили БҲМнинг 30 баравари миқдорида экологик компенсация тўлаши ҳақидаги норма лойиҳадан бутунлай чиқариб ташланмоқда.

Агентлик таъкидлашича, ҳукумат маъмурчилик ва мажбурлаш ўрнига, аҳолини иқтисодий рағбатлантирувчи бозор механизмларига таянишни режалаштирмоқда.

Янги тизимга кўра, очиқ тендер асосида автомобилларни баҳоловчи ва утилизация қилувчи мустақил корхоналар тармоғи ташкил этилади. Эски автомобиллар бозор қийматида баҳоланади, ҳаракатлана олмайдиган транспорт воситаларини эса мутахассислар жойига чиқиб кўрикдан ўтказади.

Автомобиль эгаларига баҳоланган қиймат миқдорида нақд пул ёки махсус ваучер берилади. Ваучерлардан расмий дилерлардан янги автомобиль харид қилишда бошланғич тўлов сифатида фойдаланиш мумкин бўлади. Қолган маблағни эса 2 йилдан 7 йилгача фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилиши режалаштирилмоқда.

Агар фуқаро ваучердан фойдаланишни истамаса, унинг қийматини бир ой ичида нақд пул кўринишида олиши мумкин бўлади.

Агентлик мисол сифатида 165 млн сўмлик Собалт автомобилини келтирди. Амалдаги тартибда уни харид қилиш учун камида 50 млн сўм бошланғич тўлов талаб этилади. Таклиф этилаётган тизимда эса, масалан, эски автомобиль 5 млн сўмга баҳоланса, харидор янги автомобилни бошланғич тўловсиз олиб, қолган 160 млн сўмни 7 йил давомида ойига тахминан 1,9 млн сўмдан фоизсиз тўлаши мумкин бўлади. Агар эски автомобиль 70 млн сўмга баҳоланса, ойлик тўлов 1,13 млн сўм атрофида бўлади.

Қайд этилишича, қонун лойиҳаси ҳали якуний шаклга эга эмас. Ҳужжат аҳоли ва мутахассислар билан муҳокама қилиниб, келиб тушадиган таклиф ва мулоҳазалар асосида такомиллаштирилади.

Chat