Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ўқишни кўчириш бўйича ўтиш баллари тасдиқланди

  • 09.07.2026
  • 42 марта ўқилди

Хорижий ва хусусий ОТМларидан давлат олийгоҳларига ўқишни кўчириш бўйича махсус синовларнинг ўтиш баллари белгиланди.


2026/2027-ўқув йили учун хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан Ўзбекистон ОТМларига ўқишни кўчириш учун ўтиш баллари тасдиқланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вазирнинг тегишли буйруғига кўра, энг юқори ўтиш балли Ҳуқуқ йўналиши учун белгиланди — 165 балл. Сиёсатшунослик, Халқаро муносабатлар ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар йўналишлари учун 140 балл талаб этилади.

Соғлиқни сақлаш йўналишлари учун ўтиш бали 132 баллни ташкил этади. Санъат, ижтимоий фанлар, журналистика, бизнес ва бошқарув йўналишлари учун 105 балл, транспорт хизматлари учун 104 балл этиб белгиланган.

Шунингдек, таълим, гуманитар фанлар, тиллар, математика ва статистика, АКТ ҳамда ижтимоий таъминот йўналишлари бўйича ўтиш бали 94 баллни, биологик фанлар, физика ва хизмат кўрсатиш йўналишлари учун 80 баллни ташкил этади.

Муҳандислик, ишлаб чиқариш ва архитектура йўналишларига ўтиш учун камида 75 балл, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги ҳамда меҳнат муҳофазаси йўналишлари учун 70 балл, ветеринария йўналиши учун эса 60 балл тўплаш талаб этилади.

Барча йўналишлар бўйича ўтиш баллари билан ҳавола орқали танишиш мумкин.

Вазирлик хорижий ОТМлардан республика давлат олий таълим муассасаларининг мос ёки турдош бўлмаган бакалавриат таълим йўналишларига ўқишни кўчиришга рухсат берилмаслигини ҳам эслатди.

Chat