Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

My.gov.uz орқали кўрсатиладиган хизматлар сони кенгайтирилади

  • 16.07.2026
  • 24 марта ўқилди

Мулкий хуқуқларни расмийлаштириш жараёнлари такомиллаштирилади


"Аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини такомиллаштириш ҳамда фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори (ПҚ-265-сон, 15.07.2026 й.) қабул қилинди.

✅ Қарорга кўра, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш пайтида ҳуқуқ эгаси ўз вақтида рўйхатдан ўтказувчи органга мурожаат этмаганлиги аниқланганда:

➖ маъмурий жавобгарлик чораси қўлламасдан кечиктириш муддатидан келиб чиқиб рўйхатдан ўтказиш учун оширилган ставкаларда тўлов ундириш тизими жорий этилади.

Солиқ тўловчига хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жой мерос тартибида ёки яқин қариндошидан ҳадя сифатида олинган бўлса:

➖ ушбу турар жойни сотишдан олинган даромадга солиқ солинмаслиги учун белгиланган муддатни васият қилувчи ёки ҳадя қилувчининг мазкур турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб ҳисобланади.

Шунингдек, тақиқ ёки хатлов қўйилган турар жойга гаровга олувчининг розилигисиз яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишга рухсат берилиши белгиланди.

Бунда рўйхатдан ўтказилаётган шахс мулкдорнинг (гаровга олувчининг, тақиқни қўйишга ёки ечишга масъул органнинг) ички ишлар органларига қилган мурожаати асосида унинг рўйхатдан ўтказилганлиги бекор қилинишига аввалдан розилик бериши зарур.

My.gov.uz орқали кўрсатиладиган хизматлар сони кенгайтирилади


Қарорга кўра, 2026 йил 1 октябрдан Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (Ягона портал) қуйидаги хизматлар жорий этилади:

♦ жисмоний ва юридик шахсларга ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулк объектлари ва автомототранспортларни гаровга ёки ипотекага қўйишга, шунингдек, уларни бегоналаштиришга тақиқ қўйиш ёки уни бекор қилиш;

♦ фуқароларнинг ўз номига расмийлаштирилган ва фойдаланилаётган телефон рақамлари ва банк карталари тўғрисида маълумот олиш ва ушбу жараённи бошқаришнинг қуйидаги имкониятларини яратиш:

▪️ телефон рақамини муайян муддатга нофаол ҳолатга ўтказиш (фаоллаштириш) ва ўзи фойдаланмаётган телефон рақамларига хизмат кўрсатишни тўхтатиш ҳақида аризалар киритиш;

▪️ телефон рақами уланган пулли хизматлар ҳақида маълумот олиш;

▪️ банк карталарини блоклаш (ёпиш) ҳақида эмитентга аризалар юбориш;

▪️ фуқаронинг номига янги нотариал ҳаракат расмийлаштирилганда автоматик тарзда уни Ягона портал орқали хабардор қилиш ва улар ҳисобини юритиш.

Реклама қўнғироқлари ва хабарномаларига оид ҳуқуқлар ҳимояси кучайтирилади


Қарорга кўра, вояга етмаган шахслар ўз ҳуқуқларини мустақил равишда амалга ошириш юзасидан судларга мурожаат қилишда давлат божидан озод қилиниши белгиланди.

2026 йил 1 октябрдан жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган санаси каби бирламчи маълумотлари ўзгарганда ўзида ушбу маълумотларни акс эттирувчи давлат органларига тегишли ахборот тизимларидаги маълумотларга автоматик тарзда идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан ўзгартиришлар киритиш амалиёти йўлга қўйилади.

2026 йил 1 ноябрдан бошлаб:

♦ мобиль алоқа воситалари орқали SMS-хабарномалар йўли билан товар (иш, хизмат)ларни таклиф (реклама) қилувчи ҳар қандай юридик ва жисмоний шахслар фақат шахснинг ёзма ёки электрон розилигини олгандан сўнг ушбу ҳаракатларни (рекламани) амалга оширади;

♦ мобиль алоқа воситаларига реклама қўнғироқлари ва SMS-хабарномаларни жўнатиш хизматини кўрсатувчи юридик шахслар ўзларининг ахборот тизимларини Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказгандан кейин тегишли хизматларни кўрсатишига йўл қўйилади;

♦ реклама қўнғироқлари ва хабарномаларини телекоммуникация тармоқлари (мобиль алоқа) орқали соат 18.00 дан 09.00 гача тарқатиш тақиқланади;

♦ мобиль алоқа операторларига ўзлари томонидан тарқатиладиган реклама қўнғироқлари ва хабарномаларини абонент сўровига кўра тўлиқ ёки қисман блоклаш мажбурияти юклатилади;

♦ мазкур белгиланган талабларга риоя этмаслик реклама ҳамда шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳисобланади ва тегишли чоралар кўриш учун асос бўлади.

Chat