“Республикада халқаро таълим стандартлари асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–269-сон, 17.07.2026 й.) қабул қилинди.
Маълумот учун: Ўзбекистонда интеграциялашган таълим дастурларини жорий этиш мақсадида Буюк Британиянинг “IQF – Integrated qualifications framework” таълим ташкилоти билан ҳамкорликда Халқаро малакалар ва баҳолаш маркази (Марказ) ташкил этилган.
Қарорга кўра, Марказга қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:
♦ ишлаб чиқилган интеграциялашган дастурларни QS (Quacquarelli Symonds) ёки THE (The Times Higher Education) халқаро рейтинг ташкилотлари глобал рейтингининг топ-100 талик рўйхатига (топ-100 талик рўйхат) кирувчи ҳамкор олий таълим ташкилотларининг академик талабларига солиштириш ва мувофиқлаштириш;
♦ топ-100 талик рўйхатга кирувчи ҳамкор олий таълим ташкилотлари томонидан тан олинадиган бакалавриатда “1+3”, “2+2”, магистратурада “1+1” каби таълим моделларини ишлаб чиқиш;
♦ Ўзбекистон Республикасида етакчи хорижий олий таълим ташкилотларининг олий маълумот тўғрисидаги дипломини беришга қаратилган тузилмаларни (кампус, филиал, франшиза, таълим дастурларини амалга ошириш марказлари ва бошқалар) ташкил этиш бўйича келишувга эришиш.
Буюк Британия илғор тажрибаси асосида интеграциялашган таълим дастурларини жорий қилишни янада кенгайтириш мақсадида тажриба-синов тариқасида Тошкент архитектура-қурилиш университети ҳузурида Интеграциялашган дастурлар олий мактаби (Олий мактаб) ташкил этилиши белгиланди.
✅ Қарорга кўра, Олий мактаб фаолияти Буюк Британиянинг нуфузли олий таълим ташкилотлари андозаси асосида йўлга қўйилади.
♦ Олий мактаб билан техникумлар ҳамкорлиги йўлга қўйилади. Бунда:
♦ интеграциялашган таълим дастурлари жорий этилган техникумларда ушбу дастурларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга Олий мактабнинг тегишли бакалавриат таълим йўналишида кириш имтиҳонларисиз ўқишни давом эттиришга рухсат берилади;
♦ интеграциялашган таълим дастурлари асосида таҳсил олган ўқувчиларнинг кредитлари хорижий етакчи ҳамкор таълим ташкилотлари томонидан тан олиниши таъминланади.
☑️ “Эл-юрт умиди” жамғармасига стипендия дастурлари доирасида 2027/2028 ўқув йилидан белгиланган тартибда танловдан ўтган талабгорларнинг қуйидаги харажатларини молиялаштиришга рухсат берилади:
▫️ Олий мактаб ва бошқа олий таълим ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган интеграциялашган таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган, топ-300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотларида, шунингдек, соҳавий етакчи олий таълим ташкилотларида ўқишни узлуксиз давом эттириш имконига эга бўлган талабаларнинг хориждаги ўқишини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларини;
▪️ белгиланган олий таълим ташкилотлари бакалавриат таълим йўналишига шартли қабул қилинган талабгорлар учун Олий мактаб ва бошқа маҳаллий олий таълим ташкилотларида интеграциялашган дастурлар асосида ташкил этиладиган 1-курс (босқич) (foundation) дастурлари ўқиш харажатларини (tuition fee).