Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Август ойида об-ҳаво қандай бўлади?

  • 28.07.2026
  • 71 марта ўқилди

Ўзгидромет августи ойида ўртача ҳарорат кўп йиллик меъёрларга яқин бўлишини маълум қилди. Ойнинг илк кунларидаги +43 даражагача бўлган иссиқдан сўнг ҳарорат босқичма-босқич пасаяди, ой охирига бориб салқин ҳаво кириб келиши ва айрим кунлари қисқа муддатли ёмғир ёғиши кутилмоқда.


Бу йилги август ойида ўртача ойлик ҳарорат кўп йиллик ўртача қийматларга яқин бўлиши кутилмоқда, дея хабар берди Ўзгидромет.

Ой қуруқ ва бироз иссиқ об-ҳаво билан бошланади. 1−2 август кунлари ҳаво ҳарорати +38…+41 даражага, жанубда ва чўл ҳудудларда +42…+43 даражага етади.

Кейинчалик ҳарорат фони 3−5 даражага пасаяди ва ҳаво ҳарорати асосан +33…+38 даража атрофида, баъзи жойларда +40 даражагача бўлиши кутилмоқда.

Ой охирига келиб Ўзбекистон ҳудудига салқин ҳаво кириши ва ҳарорат аста-секин +25…+30 даражагача пасайиши эҳтимоли бор.

Августнинг биринчи ярмида ҳарорат кечалари +24…+27 даража, иккинчи ярмида +17…+22 даража, ойнинг охирига +12…+15 даражагача пасаяди.

Ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан кўп, баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда. Аммо август ойида ойлик ёғингарчилик меъёри жуда камлигини унутмаслик керак, дейди синоптиклар.

Ойнинг иккинчи ярмида айрим кунларда, асосан, жадаллиги бироз бўлган қисқа муддатли ёмғирлар ёғиши мумкин.

Ўтган август ойлари қандай бўлган?

Одатда, август ойида ҳарорат фони аста-секин пасая бошлайди. Ўзбекистон ҳудуди бўйича август ойининг ўртача ойлик ҳарорати июль ойига нисбатан 1,5−2,5 даражага паст бўлади.

Йилнинг кўп ойлари сингари, август ойи ҳам нисбатан иқлим ўзгариши таъсири остида бўлади. 1991−2020 йиллар ва 1961−1990 йиллар учун август ойидаги ўртача ойлик ҳароратнинг фарқи 1,2−1,5 даражани ташкил этади.

Республика ҳудудининг катта қисмида ўртача максимал ҳарорат +35…+37 даражани, жанубда ва чўл ҳудудларда +38…+40 даражани ташкил этади. Иссиқ об-ҳавонинг энг юқори чўққисида деярли ҳар йили +38…+39 даражага, жанубда ва чўл ҳудудларда эса баъзи жойларда +41…+43 даражага етади.

Кузатувларнинг барча йиллари учун август ойларининг максимал ҳаво ҳарорати мутлақ рекорди +41…+43 даражани, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +44…+47 даражани ташкил этади.

Сўнгги йилларда август ойининг ҳарорат тартибига глобал исиш сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда. Йиллараро кучли ўзгарувчанлик фонида ҳавонинг ўртача ойлик ҳарорати кўтарилиш тенденсияси кузатилмоқда.

1961−1990 йиллар ва 1991−2020 йиллар учун август ойидаги ўртача ойлик ҳароратнинг фарқи +1,2…+1,5 даражани ташкил этади.

Август июль ойидагидек жазирама бўлмаса-да, барибир анчагина иссиқ ой ҳисобланади. Ёзги иссиқ пасайиши кўрсаткичи ҳаво ҳарорати +40 даража ва ундан юқори бўладиган кунлар сонининг сезиларли даражада камайишидир.

Ўртача ҳисобда бу кўрсаткич ҳудудларнинг катта қисмида 1−3 кунни, энг чекка жанубда ва чўл ҳудудларда эса 4 кундан 8 кунгача бўлган муддатни ташкил этади. Самарқанд вилояти ва Фарғона водийсида эса бундай иссиқ кунлар жуда камдан-кам ҳолларда — 5−10 йилда бир марта кузатилади.

Август ойининг охирига келиб, одатда, кузнинг яқинлашаётгани сезила бошланади. Нисбатан салқин ҳаво оқимларининг кириб келиши кўпаяди. Айрим йилларда август ойида салқин ҳавонинг кириб келиши ҳисобига Ўзбекистон ҳудуди бўйича кундузги ҳарорат 22−27 даражагача пасайган.

Август Ўзбекистонда йилнинг энг қурғоқчил ойи ҳисобланади. Ёмғирлар жуда кам ёғади — текислик ҳудудларнинг катта қисмида ўртача 1 кундан 3 кунгача бироз ёмғир ёғиши кузатилиши мумкин, ўртача ойлик ёғингарчилик миқдори эса 1−2 мм дан, Фарғона водийсида эса 3−5 мм дан кўп бўлмайди. Жанубда ва чўл ҳудудларда август ойида ёмғир ҳар йили ҳам кузатилмайди.

Тоғолди ва тоғли ҳудудларда ёмғир тез-тез ёғади ва ўртача ойлик ёғингарчилик миқдори айрим жойларда 12−15 мм ни, Фарғона вилояти тоғларида ҳамда Тошкент вилоятининг юқори тоғли ҳудудларида эса 20−22 мм ни ташкил этади.

Бу энг қурғоқчил ойда республиканинг айрим ҳудудларида жадаллиги кучли бўлган жала ёмғирлар ёғиши кузатилиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Масалан, 2020 йил август ойининг охирида Ўзбекистоннинг марказий вилоятларида кучли жала ёмғирлар ёғган ва унинг бир кеча-кундузда ёғган ёғингарчилик миқдори 10−34 мм ни ташкил этган.

2020 йил 26 август куни Тошкентда 17 мм ёғингарчилик кузатилган (ойлик меъёр 2 мм бўлганда) — бу август ойида бир кеча-кундузлик ёғингарчилик миқдори бўйича мутлақ рекорддир. 2023 йил август ойида ёғингарчилик ёғиши тавсифи бўйича ғайритабиий бўлган. Узоқ муддатли қуруқ ва иссиқ об-ҳаводан сўнг, 27−31 август кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғди.

Баъзи жойларда ёмғир кучли — бир кеча-кундузда, аниқроғи бир неча соат ичида ёғингарчилик миқдори август ойидаги ойлик меъёрдан бир неча марта кўп бўлди. Республиканинг айрим ҳудудларида бир кеча-кундузлик ёғингарчилик миқдорининг тарихий максимумлари янгиланди.

Энг эсда қоладиган рекордлар Сариосиё метеостансияси (Сурхондарё вилояти тоғ олди) ҳудудида кузатилган бўлиб, бунда ойлик меъёр 0,4 мм бўлганда 3 соат 10 дақиқада 35 мм ва Қўқон метеостансияси ҳудудида ойлик меъёр 5 мм бўлганда 20 дақиқада 35 мм ёмғир ёғган.

Chat