Аввал хабар берилганидек, “Мадад” ННТ томонидан БМТ Тараққиёт дастурининг Финляндия Ҳукумати кўмагида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида Фарғона шаҳрида “Ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳуқуқий саводхонлик” мавзусида тренинг ташкил этилган эди.

Мазкур тренингнинг мантиқий давоми сифатида ташкил этилган тадбирда “Мадад” ННТ ижрочи директори Ш. Саидов, ташкилотнинг масъул ходимлари Аброр Эъзозхонов ва Раъно Сарабекова, шунингдек, туман ҳуқуқий маслаҳат бюролари ходимлари иштирок этдилар.
Тадбир давомида “Мадад” ННТ вакиллари томонидан иштирокчилар билан очиқ ҳуқуқий мулоқот ўтказилиб, ногиронлиги бўлган шахсларни қизиқтираётган ҳуқуқий масалалар атрофлича ўрганилди. Хусусан, уларга қонунчиликда белгиланган ҳуқуқлар, давлат томонидан яратилган ижтимоий кафолатлар, давлат хизматларидан фойдаланиш, бепул юридик ёрдам олиш ҳамда бузилган ҳуқуқларни тиклаш тартиблари бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.

“Мадад” ННТ ижрочи директори Ш. Саидов ўз сўзида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий ахборот ва малакали юридик ёрдамдан тенг фойдаланишини таъминлаш ташкилот фаолиятининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Шунингдек, бу каби тадбирлар аҳолининг ҳуқуқий билимларини ошириш, ҳуқуқий муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга амалий ечим топишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Тадбир давомида масъул ходимлар Аброр Эъзозхонов ва Раъно Сарабекова ҳамда туман ҳуқуқий маслаҳат бюролари вакиллари иштирокчилар томонидан билдирилган савол ва мурожаатларга жавоб бердилар. Айрим масалалар юзасидан индивидуал ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, ҳуқуқий муаммоларни ҳал этиш учун тегишли давлат органлари ва ташкилотларга мурожаат қилиш, ариза ва шикоятларни расмийлаштириш ҳамда мавжуд ҳуқуқий ҳимоя механизмларидан самарали фойдаланиш тартиблари амалий мисоллар асосида тушунтирилди.

Туман ҳуқуқий маслаҳат бюролари ходимларининг тадбирдаги иштироки жойларда аҳолига бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш, фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш ва уларнинг ҳуқуқий муаммоларини ҳал этишга яқиндан кўмаклашиш борасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
“Мадад” ННТ томонидан амалга оширилаётган бундай тадбирлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларда ўз ҳуқуқларини мустақил ва самарали ҳимоя қилиш кўникмаларини шакллантириш ҳамда малакали юридик ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Келгусида ҳам “Мадад” ННТ томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, уларнинг мурожаатларини ўрганиш, ҳуқуқий муаммоларини ҳал этишга амалий кўмаклашиш ҳамда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган тадбирлар изчил давом эттирилади.