Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Болаларни 1-синфга қабул қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартиби белгиланди

  • 03.06.2022
  • 3175 марта ўқилди

“Халқ таълими тизимида давлат хизматларини кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (295-сон, 01.06.2022 й.) қабул қилинди

Қарор билан қуйидагилар бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланди:

  • болаларни давлат мактабларига қабул қилиш ҳамда ўқувчиларни бир мактабдан бошқасига ўтказиш;
  • чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар фарзандларини мактабга қабул қилиш учун аризалар олиш;
  • экстериат тартибида имтиҳонлар олиш учун аризалар қабул қилиш;
  • умумий ўрта таълим тўғрисидаги расмий давлат ҳужжатлари дубликатини бериш.

Шунга кўра, ҳар йили 1 майгача ўқувчиларни 1-синфга қабул қилиш ва бир мактаб (синф)дан бошқасига ўтказиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиладиган ҳудудлар рўйхати тасдиқланади ва Халқ таълими вазирлиги расмий веб-сайтида эълон қилинади.

1-синфга болалар улар 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилинади.

Давлат хизмати кўрсатилгани учун ариза берувчидан йиғим ундирилмайди.

Ариза берувчи микроҳудуд бўйича мактабга қабул қилиш учун ҳар йили 20 июндан 31 июлгача ЯИДХП ёки Халқ таълими вазирлигининг электрон хизматлар порталида рўйхатдан ўтади.

Ариза берувчининг яшаш манзили бўйича мактабда танлаган таълим олиш тилидаги синф бўлмаган тақдирда, яқин ҳудудда жойлашган бошқа мактаб микроҳудуд сифатида бириктирилади.

Сўровнома тўлдирилади ҳамда ҳудудий халқ таълими бошқармаси томонидан 3 иш кунида кўриб чиқилиб, микроҳудуд бўйича мактабга юборилади ёки сабаби кўрсатилган ҳолда қайтарилади. Бу ҳақда ариза берувчиларга хабар юборилади.

Ариза берувчи фарзанди билан биргаликда микроҳудуд бўйича юборилган мактабга онлайн навбат асосида боради ва боланинг соғлиғи тўғрисидаги тиббий маълумотномани мактабга тақдим этади.

Мактаб қабул комиссияси томонидан 1 иш кунида болани мактабга олиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Қуйидаги ҳолларда қабул комиссияси болани мактабга қабул қилишни рад этиши мумкин:

  • тиббий маълумотномада мактабда таълим олиш тавсия этилмаган бўлса;
  • танланган тилда бола бошланғич сўзлашув кўникмасига эга бўлмаса;
  • сўровномадаги маълумотлар нотўғрилиги аниқланса.

Микроҳудуддан ташқаридан болалар мактабга ҳар йили 1–15 август кунлари қабул қилинади.

Мазкур тартиб Халқ таълими вазирлиги тизимидаги мактабларга нисбатан қўлланилади.

Chat