Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларнинг ягона реестри юритилади

  • 19.08.2026
  • 28 марта ўқилди

Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларнинг ягона реестри юритилади


Қонун (ЎРҚ–1168-сон, 17.08.2026 й.) айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, тадбиркорлар қонунчиликда белгиланган тартибда энергия манбаларига уланиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.

Тадбиркорлар зиммасига янги мажбурият, талаб, тақиқ, жавобгарлик ёки бошқа чекловлар юклатилишини назарда тутувчи норматив ҳужжатлар лойиҳалари бевосита тадбиркорлар ҳамда улар бирлашмалари иштирокида муҳокама қилиниши кўзда тутилди.

Тадбиркорлик субъектининг фаолияти қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин:

► ўзининг аризасига асосан;

► 10 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга – назорат қилувчи органлар томонидан;

► 10 иш кунидан ортиқ, лекин 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга – суд томонидан.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив-техник ҳужжатлар билан белгиланган барча мажбурий талаблар давлат томонидан Мажбурий талаблар реестрига киритилади.

Мажбурий талаблар реестрига маълумотлар тегишли соҳадаги ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан киритилади.

Адлия вазирлиги Мажбурий талаблар реестрининг оператори ҳисобланади.

Тадбиркорлик субъектлари Мажбурий талаблар реестрига киритилмаган талабларни бажармаганлик учун жавобгарликка тортилмайди.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

Ижтимоий тадбиркорлик давлат томонидан қўллаб-қувватланади


Қонун билан киритилган қўшимчаларга кўра, тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий, экологик муаммоларни ҳал этишга ёки уларнинг оқибатларини юмшатишга қаратилган фаолияти ижтимоий тадбиркорлик деб эътироф этилиши белгиланди.

Ижтимоий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

►имтиёзлар ва преференциялар бериш;

►ижтимоий лойиҳаларга доир харажатларни субсидиялаш;

► давлат ижтимоий буюртмасини жойлаштириш;

► молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;

► ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

► маслаҳат бериш, услубий ёрдам кўрсатиш ва ахборот жиҳатидан қўллаб-қувватлаш.

Қонунчиликка риоя этиш билан бир қаторда барқарор ривожланишга ҳисса қўшган ҳамда ўз фаолиятининг инсон ҳуқуқларига, атроф-муҳитга ва жамоат манфаатларига нисбатан салбий таъсирининг олдини олиш учун чоралар кўрган ҳолда тадбиркорликни амалга ошириш масъулиятли бизнес юритиш деб эътироф этилади.

Тадбиркорлик субъекти томонидан масъулиятли бизнес юритишнинг асосий мезонлари қуйидагилардан иборат:

инсон ҳуқуқларига риоя этиш;

➖ меҳнатга ва ишлаб чиқаришга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай қонунга хилоф амалиётга йўл қўймаслик;

➖ атроф-муҳитни, ўз ходимларининг ва аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатилишининг олдини олиш ҳамда уни бартараф этиш ва бошқалар.

Chat