Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Хорижий ОТМда тўлов-контракт асосида ўқиётган Президент мактаблари битирувчиларига субсидия берилади

  • 07.06.2022
  • 355 марта ўқилди

Ҳукумат қарори (300-сон, 02.06.2022 й.) билан “Янги Ўзбекистон” университетининг иқтидорли талабаларига давлат грантини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, давлат гранти “Янги Ўзбекистон” университетининг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кундузги таълим шаклида таҳсил оладиган талабгорлар учун ажратилади.

Давлат гранти қуйидагиларга тақдим этилади:

  • халқаро даражадаги тегишли дастурлар (International Baccalaureate, Advanced Placement, International Advanced Levels) дипломи ёки сертификатига эга Президент мактаблари битирувчиларига;
  • Агентлик тизимидаги ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар учун ажратиладиган қабул параметрларига мувофиқ кириш имтиҳонлари асосида ушбу мактаблар битирувчиларига;
  • Университетга кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган Халқаро математика олимпиадаси (IMO), Халқаро физика олимпиадаси (IPhO), Халқаро кимё олимпиадаси (IChO), Халқаро биология олимпиадаси (IBO), Халқаро информатика олимпиадаси (IOI) ғолибларига;
  • Университетга кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган Ўзбекистон фуқароларига;
  • Университетга кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилалар фарзандларига.

Давлат грантини олган талабалар Университетни тамомлагач Президент таълим муассасалари агентлиги йўлланмасига асосан эгаллаган мутахассислиги бўйича республикадаги ташкилотларда 5 йилгача ишлаб бериш мажбуриятини олади.

Шунингдек қарор билан, Ўзбекистондаги хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларига тўлов-контракт асосида ўқишга кирган Президент мактаблари битирувчиларига субсидия бериш тартиби белгиланди.

Бунда Президент мактаблари битирувчиларига тўлов-контракт суммасининг БҲМнинг 100 бараваригача қисми қоплаб берилади.

  • Талабгорлар ўқув йилининг 15 декабригача Агентликка ариза билан мурожаат қилади (ўқишга қабул қилинганлик тўғрисидаги маълумотнома ва тўлов-контракт шартномаси илова қилинади).
  • Субсидия олган талабалар Университетни тамомлагач Агентлик йўлланмасига асосан эгаллаган мутахассислиги бўйича республикадаги ташкилотларда 5 йилгача ишлаб бериш мажбуриятини олади.
  • Магистратура ёки докторантурада ўқиш давом эттирилган тақдирда, ушбу муддат магистратура ёки докторантурада ўқиш даври тугагандан сўнг бошланади.
Chat