Ўзбекистонда ижтимоий реестрга киритилган ишлайдиган оналарга фарзанди бир ёшга тўлгунига қадар Ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан нафақа тўланади. Бу ҳақда Президент раислигида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Маълум қилинишича, жорий йилда меҳнатга лаёқатсиз эҳтиёжманд оилаларни «пассив даромад» билан таъминлашга қаратилган ижтимоий пакетлар учун 300 миллиард сўм ажратилган.
Бундай ёрдам олган 11 мингта оиланинг ярмида даромадлар сезиларли даражада ошган. Шу муносабат билан ушбу тизимни давом эттириш бўйича қарор лойиҳасини бир ҳафта муддатда киритиш топширилди.
Келгуси йилдан бошлаб реестрга киритилган оилалар фарзандларининг давлат ва хусусий боғчалардаги харажатлари, ўқув марказлари учун тўловлар, йўл ҳақи, шунингдек, олий таълим муассасаси ётоқхонасида яшаш харажатлари ваучерлар орқали қопланади.
Ваучер 12 ой муддатга берилади ва эҳтиёжманд оила «Ижтимоий реестр»дан чиқарилганидан кейин ҳам ўз амал қилиш муддатини сақлаб қолади.