Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ўзбекистонда шифокор ва фармацевтлар давлат рўйхатидан ўтказилади

  • 07.09.2026
  • 46 марта ўқилди

2027 йилдан тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказишни ихтиёрий, 2030 йилдан эса мажбурий тартибда жорий этиш таклиф қилинмоқда. Рўйхатдан ўтмаган мутахассисларга тиббий ёки фармацевтика фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилмайди.


Ўзбекистонда тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг янги тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу бўйича таклифлар Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим қилинди.

Янги тизим аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлигини ошириш, шунингдек, мутахассисларнинг билим ва амалий тайёргарлигини мустақил баҳолашга қаратилган.

Барча тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қамраб олувчи ягона электрон реестр шакллантирилади. У 16 та ахборот базаси билан интеграция қилиниб, мутахассиснинг таълими, малакаси ва касбий фаолиятига оид маълумотларни бир жойда жамлайди.

Давлат рўйхатидан ўтишни 2027 йилдан ихтиёрий, 2030 йилдан эса мажбурий тартибда жорий этиш таклиф қилинмоқда. 2030 йилдан рўйхатдан ўтмаган мутахассис тиббий ёки фармацевтика фаолияти билан шуғуллана олмайди.

Мутахассисларнинг малакасини баҳолаш босқичма-босқич ўтказилади. Дастлаб фундаментал ва клиник фанлар, кейин эса тегишли мутахассислик бўйича имтиҳон олинади.

Бунинг учун ягона тест ва топшириқлар банки, шунингдек, замонавий симуляцион базалар ташкил этилади. Имтиҳондан ўта олмаган мутахассисларга уни қайта топшириш имконияти берилади.

Янги тизимга ихтиёрий равишда эртароқ қўшилган ходимларни моддий рағбатлантириш ҳам таклиф қилинмоқда.

Имтиҳондан муваффақиятли ўтиб, давлат рўйхатига киритилган олий маълумотли шифокор ва фармацевтика ходимларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 бараваригача, ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларига эса 2,5 бараваригача устама тўлаш таклиф этилмоқда.

Давлат рўйхатидан ўтказиш ва мутахассислар малакасини баҳолаш ишларини ташкил этиш учун алоҳида марказ фаолияти йўлга қўйилиши ҳам режалаштирилган.

Chat