Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Тошкентда мактаблар олдида махсус қисқа тўхташ зоналари ташкил этилмоқда

  • 09.09.2026
  • 6 марта ўқилди

Пойтахт мактаблари олдида ўқувчиларни автомобилдан хавфсиз тушириш ва олиб кетиш учун махсус қисқа тўхташ жойлари ташкил этила бошланди. Дастлабки зоналар Юнусобод ва Шайхонтоҳур туманларидаги икки мактаб олдида жорий қилинди.


Тошкент шаҳрида мактаблар атрофида транспорт ҳаракатини тартибга солиш ва ўқувчилар хавфсизлигини оширишга қаратилган янги ечим синовдан ўтказилмоқда. Бу ҳақда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази маълум қилди.

Дастлабки махсус зоналар Юнусобод туманидаги 5-сонли мактаб ҳамда Шайхонтоҳур туманидаги 42-сонли мактаб олдида ташкил этилди. Уларда автомобилларни қисқа муддатга тартибли тўхтатиш учун тегишли йўл белгилари ва чизиқлар жорий қилинган.

Янги зоналар ота-оналарга фарзандларини белгиланган ва хавфсиз жойда автомобилдан тушириш ёки олиб кетиш имконини беради.

Бундай тартиб болаларнинг тўғридан-тўғри қатнов қисмига тушиб қолиши хавфини камайтириш, шунингдек, мактаб олдида автомобилларни тартибсиз тўхтатиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.

Махсус тўхташ зоналари айниқса эрталабки вақтда ва дарслар тугайдиган пайтда мактаблар атрофидаги транспорт оқимини тартибга солишга ёрдам бериши кутилмоқда.

Айни пайтда Тошкентдаги бошқа мактаблар олдида ҳам шундай махсус зоналарни ташкил этиш ишлари давом этмоқда.

Chat