Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Суюлтирилган газ таъминотида янги тартиб: “LPG-Trade” ташкил этилади

  • 15.09.2026
  • 71 марта ўқилди

Ўзбекистонда аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизими босқичма-босқич ислоҳ қилинади. Соҳада бозор механизмлари жорий этилиб, хусусий сектор иштироки кенгайтирилади, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли эса давлат томонидан қўллаб-қувватланади.


Президентнинг 2026 йил 12 сентябрдаги ПҚ–326-сон қарори билан аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш ва соҳада бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш чоралари белгиланди.

Янги тартиб доирасида суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ вазифаларни ихтисослаштириш ва молиявий шаффофликни ошириш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ таъсисчилигида “LPG-Trade” МЧЖ ташкил этилади.

Ислоҳотларда аҳолига суюлтирилган газни барқарор ва устувор тарзда етказиб бериш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Республика корхоналарида ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган суюлтирилган газ, корхоналарнинг ўз шохобчаларида сотиладиган ҳажмлар бундан мустасно, фақат биржа савдолари орқали реализация қилинади.

Аҳолига суюлтирилган газ етказиб берувчи корхоналар эса маҳсулотни биржадан ёки импорт орқали тўғридан-тўғри харид қилиш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, аҳоли эҳтиёжлари учун суюлтирилган газ етказиб бериш тизимига хусусий секторни жалб қилиш, рақобат муҳитини шакллантириш ва амалдаги кросс-субсидиялаш тизимини босқичма-босқич бекор қилиш назарда тутилган.

Ислоҳотлар жараёнида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари давлат томонидан моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланади.

Шу тариқа, янги тизим суюлтирилган газ таъминотида бозор тамойилларини кенгайтириш билан бирга, аҳолини газ билан узлуксиз таъминлаш ва эҳтиёжманд қатламларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган.

Ҳуқуқий асослар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 12 сентябрдаги ПҚ–326-сон “Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори.

Chat