Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Оилавий шифокорлар ва олий маълумотли ҳамшираларга ҳар ойлик устама тўланади

  • 16.09.2026
  • 62 марта ўқилди

2027 йил 1 январдан айрим тиббиёт ва педагог ходимларининг базавий тариф ставкаси ёки лавозим маошига қўшимча равишда ҳар ойлик устамалар жорий этилади. Устама миқдори мутахассиснинг таълим даражаси ва йўналишига қараб белгиланади.


Президентнинг 2026 йил 10 сентябрдаги ПФ–191-сон Фармони билан тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрларни тайёрлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантиришнинг янги механизмлари белгиланди.

2027 йил 1 январдан қуйидаги ходимларга ҳар ойлик устама тўланиши назарда тутилган:

  • оилавий тиббиёт бўйича резидентурани тамомлаган оилавий шифокорлар ҳамда шу йўналишда магистратурани тамомлаган педагог кадрларга — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 баравари;
  • магистратурани тамомлаган ҳамшира ва тиббиёт оғаларига — 2 баравари;
  • бакалавриатни тамомлаган ҳамшира ва тиббиёт оғаларига — 1 баравари миқдорида.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги олий маълумотли ҳамшира ва тиббиёт оғалари учун айнан шу миқдордаги устамалар жорий этилишини ҳам тасдиқлаган.

Яъни бакалавр даражасига эга ҳамшира ёки тиббиёт оғаси ҳар ой 1 МҲТЭК, магистр даражасига эга бўлса 2 МҲТЭК миқдорида қўшимча устама олади.

Шу билан бирга, 2027/2028 ўқув йилидан ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлашнинг икки йиллик дастурларига қабул қилиш амалиёти бекор қилинади.

“Олий тиббий ҳамроҳлик иши” бакалавриатида етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мазкур таълимда хорижий ҳамкорлар дастурларининг камида 70 фоизи жорий этилиши назарда тутилган.

Шунингдек, “Тиббий ҳамроҳлик иши” бўйича илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш мақсадида махсус магистратура дастури ташкил этилади.

Янги тизимда ўрта тиббиёт ходимининг роли кенгайтирилиб, олий маълумотли ҳамшира ва тиббиёт оғаларининг касбий мақоми ҳамда моддий рағбатлантирилиши оширилади.

Бундан ташқари, тор соҳа шифокорларини тайёрлаш резидентурага ўтказилади. 2027/2028 ўқув йилидан клиник ординатурага қабул тўхтатилади, резидентурада давлат гранти асосида таълим олувчиларга эса 2,15 МҲТЭК миқдорида стипендия тўланади.

Ҳуқуқий асослар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 сентябрдаги ПФ–191-сон “Тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони.

Chat