Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ҳамширалар ва оилавий шифокорларга устама: янги тўловлар кимларга берилади?

  • 17.09.2026
  • 36 марта ўқилди

2027 йил 1 январдан айрим тиббиёт ходимлари ва педагогларга ҳар ойлик устамалар жорий этилади. Қўшимча тўлов миқдори ходимнинг таълим даражаси ва тугаллаган мутахассислик дастурига қараб белгиланади.


Янги тартибга мувофиқ, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан қуйидаги устамалар тўланади:

  • 1 баравар — бакалавриатни тамомлаган ҳамширалар ва тиббиёт оғаларига;
  • 2 баравар — магистратурани тамомлаган ҳамширалар ва тиббиёт оғаларига;
  • 4 баравар — оилавий тиббиёт бўйича резидентурани тамомлаган оилавий шифокорлар ҳамда шу йўналишда магистратурани тугатган педагогларга.

Муҳим: устамалар барча тиббиёт ходимларига бир хил миқдорда берилмайди. Тўлов учун белгиланган таълим ва мутахассислик талабларига мос келиш зарур.

Тиббий таълимда ҳам ўзгаришлар назарда тутилган. 2027/2028 ўқув йилидан ҳамширалик иши негизида «тиббий ҳамроҳлик иши», олий ҳамширалик иши негизида эса «олий тиббий ҳамроҳлик иши» йўналишлари жорий этилади.

Ушбу йўналишлар битирувчиси бўлган аёлларга ҳамшира, эркакларга тиббиёт оғаси квалификацияси берилади. Шу ўқув йилидан ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлашнинг икки йиллик дастурларига қабул бекор қилинади.

Ҳуқуқий асос: «Тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони. Устамалар бўйича Адлия вазирлигининг расмий ахбороти.

Chat