Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Педагогларга оид икки муҳим янгилик: фарзандларига 30 фоиз чегирма ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича янги талаблар

  • 18.09.2026
  • 22 марта ўқилди

Ўзбекистонда педагогларни қўллаб-қувватлаш ва таълим жараёнида болалар ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган янги тартиблар жорий этилди. Педагогларнинг давлат ОТМларида ўқиётган фарзандларига контракт учун 30 фоиз чегирма берилади, болани камситиш ёки унга нисбатан зўравонлик қилиш эса жавобгарликка сабаб бўлади.


Педагог фарзандининг контрактига 30 фоиз чегирма

Ҳукуматнинг 2026 йил 17 сентябрдаги 501-сон қарори билан 2026/2027 ўқув йилидан педагогларнинг давлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган фарзандлари учун базавий тўлов-контракт суммасига 30 фоиз чегирма жорий этилди.

Имтиёз давлат ОТМларининг бакалавриат босқичида кундузги таълим шаклида ўқиётган педагоглар фарзандларига татбиқ этилади.

Агар педагогнинг бир нечта фарзанди давлат ОТМида контракт асосида таҳсил олса, чегирма ҳар бир фарзандга алоҳида берилади.

Чегирмани олиш учун ариза kontrakt.edu.uz тизими орқали юборилади. Ариза берувчининг педагог фарзанди экани электрон тизимлар орқали тасдиқланса, имтиёз автоматик қўлланилади. Ариза 2 иш куни ичида кўриб чиқилади.

30 фоизлик чегирма ҳар бир ўқув йили учун бир марта қўлланилади.

Имтиёз нодавлат ва хорижий ОТМлар, уларнинг филиаллари, ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотлари, қўшма таълим дастурлари ҳамда қўшимча ёки табақалаштирилган контрактга нисбатан татбиқ этилмайди.

Болани камситиш ва зўравонлик учун жавобгарлик кучайтирилди

Шу билан бирга, 2026 йил 12 сентябрдан таълим жараёнида вояга етмаганларга нисбатан ҳуқуқбузарликлар учун янги жавобгарлик нормалари амал қила бошлади.

Болага нисбатан жисмоний зўравонлик қилиш, уни камситиш ёки хўрлаш тарзида таҳқирлаш, агар ҳаракатда оғирроқ ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлмаса, 1 БҲМдан 5 БҲМгача жарима солишга сабаб бўлиши мумкин.

Амалдаги БҲМдан келиб чиққанда, бу 440 минг сўмдан 2,2 млн сўмгача дегани.

Муҳим: қонунда “ўқитувчига болага бақириш тақиқланди” деган алоҳида норма йўқ. Жавобгарлик ҳаракат болани камситиш, хўрлаш ёки жисмоний ва руҳий зўравонлик хусусиятига эга бўлган ҳолатларга тааллуқли.

Педагогик фаолият давомида вояга етмаганга нисбатан жисмоний ёки руҳий зўравонлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахсга айрим таълим ташкилотларида 1 йил давомида педагогик фаолият билан шуғулланишга йўл қўйилмайди.

Ҳуқуқий асослар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 сентябрдаги 501-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ–1174-сон Қонуни.

Chat