21 сентябрь куни Президентга “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини янги босқичга олиб чиқиш ва кўкаламзорлаштиришда замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича таклифлар тақдим этилди.
Таклифлар орасида “Yashil AI” сунъий интеллект модулини тажриба тариқасида жорий этиш ҳам бор.
Тизим ҳудуднинг тупроқ ҳолати, иқлими ва сув билан таъминланганлигини таҳлил қилиб, кўчат экиш учун мақбул жойлар ҳамда маҳаллий шароитга мос дарахт турларини тавсия қилиши кўзда тутилган.
“Yashil AI” кўчатларнинг қуриб қолиши, сув танқислиги, касаллик ва зараркунандалар хавфини эрта аниқлашга ҳам ёрдам бериши режалаштирилган.
Муаммо аниқланганда масъулларга огоҳлантириш юбориш, кўкаламзорлаштириш натижаларини эса ягона харита орқали очиқ кузатиш имкониятини яратиш таклиф қилинган.
Шунингдек, ҳар бир маҳалла учун кўчат тури, экиш жойи ва суғориш тизимини кўрсатувчи “яшил харита” ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.
Кўкаламзорлаштиришда “3–30–300” тамойилини қўллаш ҳам таклиф қилинмоқда: инсон яшаш, ишлаш ёки ўқиш жойидан камида 3 та дарахтни кўра олиши, ҳудуднинг камида 30 фоизи дарахтлар сояси билан қопланиши, уйдан 300 метр масофада яшил дам олиш ҳудуди бўлиши назарда тутилади.
❗️ Муҳим: “Yashil AI” ҳозирча тайёр ва ишлаётган давлат хизмати эмас. Уни эксперимент тарзида жорий этиш бўйича таклиф билдирилган.