Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Чорраҳа яқинида айрим йўл чизиқларини босганлик учун ЙПХ баённома тузмайди

  • 02.11.2026
  • 52 марта ўқилди

2026 йил 1 ноябрдан ЙПХ инспекторлари чорраҳалар ва қайрилиб олиш жойлари яқинида 1.1 ва 1.3 йўл чизиқларини босиб ҳаракатланганлик учун айрим ҳолларда маъмурий баённома расмийлаштирмайди. Янги тартиб барча йўл чизиқларига тааллуқли эмас.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 октябрдаги 596-сон қарори билан йўл ҳаракати қоидаларини қайд этиш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Қарор 30 октябрдан кучга кирган, йўл чизиқларига оид мазкур норма эса 1 ноябрдан амал қила бошлади.

Қайси ҳолатда баённома тузилмайди?

ЙПХ инспекторлари қуйидаги ҳолатларда 1.1 — бир яхлит ва 1.3 — икки яхлит йўл чизиқларини босиб ҳаракатланганлик учун маъмурий баённома расмийлаштирмайди:

  • чорраҳагача бўлган 50 метр масофада;

  • қайрилиб олиш жойигача бўлган 20 метр масофада.

Муҳим: бу ўзгариш яхлит чизиқларни исталган жойда босиб ёки кесиб ўтишга рухсат берилди дегани эмас. Истисно фақат кўрсатилган масофалар ва 1.1 ҳамда 1.3 чизиқларига нисбатан амал қилади.

Стационар радар олдидан огоҳлантирувчи белги қўйилади

596-сон қарор билан стационар радарлар жойлашган участкаларда ҳам янги талаб белгиланди.

Эндиликда стационар радаргача 250 метрдан 500 метргача масофада «Радар» огоҳлантирувчи белгиси ўрнатилиши шарт.

Ҳуқуқий асос

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 октябрдаги 596-сон «Йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори.

Chat