Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Тошкентда автобус ва метро қатновлари оралиғини қисқартириш режалаштирилмоқда

  • 02.11.2026
  • 31 марта ўқилди

Тошкент шаҳрида жамоат транспортидан фойдаланишни қулайлаштириш мақсадида тиғиз вақтларда автобуслар ҳаракати оралиғини 3–5 дақиқагача, метро поездларини эса 2–3 дақиқагача қисқартириш бўйича чоралар кўрилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, айрим метро йўналишларида 5 вагонли поездларни йўлга қўйиш ва серқатнов автобус йўналишларига катта сиғимли транспорт воситаларини чиқариш назарда тутилган.


Тошкент шаҳар Халқ депутатлари Кенгашининг 2026 йил III чораги якунлари бўйича қабул қилинган қарорига мувофиқ, пойтахтда жамоат транспорти ҳаракатини яхшилаш бўйича қатор вазифалар белгиланди.

Автобуслар оралиғи 3–5 дақиқагача қисқартирилиши мумкин

Пойтахтнинг асосий автобус йўналишларига қўшимча автобуслар чиқариш орқали ҳаракат интервалини 3–5 дақиқагача қисқартириш чоралари ишлаб чиқилади.

Бу тартиб, аввало, йўловчилар энг кўп бўладиган вақтларга мўлжалланган:

эрталаб — соат 07:00 дан 09:30 гача;
кечқурун — соат 17:00 дан 19:30 гача.

Мазкур йўналишдаги ишларни 15 ноябрдан бошлаш белгиланган.

Тиғиз вақтларда автобуслар учун қатъий ҳаракат жадваллари жорий қилиниб, уларга риоя этилиши GPS мониторинги ва марказлашган диспетчерлик хизмати орқали ҳар куни назорат қилинади.

Метро поездлари ҳар 2–3 дақиқада ҳаракатланиши режалаштирилмоқда

Тошкент метрополитенига 20 ноябрга қадар поездлар ҳаракати интервалини 2–3 дақиқагача қисқартириш бўйича зарур чораларни белгилаш топширилди.

Шунингдек, Чилонзор, Ўзбекистон, Юнусобод ва ер усти ҳалқа йўналишларида 5 вагонли поездлар ҳаракатини йўлга қўйиш масаласи ҳам кўзда тутилган.

Метродаги ўзгаришлар қуйидаги тиғиз вақтларни қамраб олиши режалаштирилмоқда:

07:30–09:30;
12:00–14:00;
17:00–19:30.

25 та йўналишга катта сиғимли автобуслар чиқарилиши мумкин

Йўловчилар оқими юқори бўлган 25 та автобус йўналишига 20 декабрга қадар катта сиғимли бўғинли автобусларни чиқариш чораларини кўриш тавсия этилди.

Бунда Учтепа, Миробод, Сергели ва Янгиҳаёт туманларига алоҳида эътибор қаратилиши белгиланган.

Шу билан бирга, масъул ташкилотлар 15 ноябрга қадар 2027 йил давомида автобус саройларини қўшимча катта сиғимли транспорт воситалари билан таъминлаш бўйича таклифлар киритиши керак.

Кутилаётган натижа — тиғиз вақтларда кутиш вақтини камайтириш, жамоат транспорти сиғимини ошириш ва йўловчилар оқимини самарали ташкил этиш.

Манба: Тошкент шаҳар Халқ депутатлари Кенгашининг VII-28-180-14-0-K/26-сон қарори.

Chat