Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ёнғин хавфсизлиги талабларини бузганлик учун янги жарималар жорий этилади

  • 04.11.2026
  • 36 марта ўқилди

2027 йил 5 февралдан ёнғин хавфсизлиги соҳасида айрим ҳуқуқбузарликлар учун янги маъмурий жавобгарлик чоралари кучга киради. Жумладан, қурилиш жараёнларига ноқонуний аралашиш, автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида маиший газ баллонларини тўлдириш, айрим объектларни мажбурий суғурта қилмаслик ва ёнғин аудити талабларини бузиш учун жарималар белгиланди.


Президент томонидан 2026 йил 2 ноябрда «Ёнғин хавфсизлиги тизими такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–1186-сон Қонун имзоланди.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бир қатор янги жавобгарлик чоралари киритилди.

Қурилиш жараёнига ноқонуний аралашиш учун катта жарима

Объектларни қуриш учун ер участкаларини ажратиш, лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ҳамда қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш жараёнларида ваколатли органлар ва хулоса берувчиларнинг ўз вазифаларини бажаришига мансаб ваколатларидан фойдаланган ҳолда қонунга хилоф равишда аралашиш:

БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ қўлланилишига сабаб бўлади.

Муҳим: мазкур жавобгарлик объектни қуриш билан боғлиқ рухсат бериш ва келишиш жараёнларига мансаб ваколатидан фойдаланиб ноқонуний аралашиш ҳолатларига нисбатан қўлланади.

Газ шохобчасида маиший баллонни тўлдириш учун ҳам жарима бор

Автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида истеъмолчиларга суюлтирилган углеводород газини маиший газ баллонларида бериш тақиқланади.

Бундай ҳуқуқбузарлик учун:

БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача жарима белгиланган.

Савдо объектларини ёнғиндан суғурта қилмаслик учун жавобгарлик

Бозорлар, савдо комплекслари ва савдо-кўнгилочар марказлари мулкдорлари учинчи шахсларнинг ҳаёти ёки соғлиғига ёнғин натижасида зарар етказилиши билан боғлиқ фуқаролик жавобгарлигини, шунингдек объектнинг ўзини ёнғиндан мажбурий суғурта қилиши шарт.

Мазкур мажбурият бажарилмаса, мансабдор шахсларга:

БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача жарима солинади.

Яъни талаб нафақат объектнинг ўзини, балки ёнғин оқибатида учинчи шахсларга етказилиши мумкин бўлган зарар бўйича фуқаролик жавобгарлигини ҳам суғурталашни қамраб олади.

Ёнғин аудити талабларини бузиш ҳам жавобгарликка сабаб бўлади

Қонунчиликда белгиланган ёнғин аудитини ўтказиш талаблари ва шартларини бузганлик учун:

фуқароларга — БҲМнинг 15 баравари;

мансабдор шахсларга — БҲМнинг 30 баравари миқдорида жарима белгиланди.

Қонун қачон кучга киради?

Эътибор беринг: ЎРҚ–1186-сон Қонун 2026 йил 2 ноябрда қабул қилинган бўлса-да, унинг мазкур нормалари 2027 йил 5 февралдан кучга киради.

Ҳуқуқий асос

Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 2 ноябрдаги ЎРҚ–1186-сон «Ёнғин хавфсизлиги тизими такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонуни.

Chat