Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Шахсий маълумотлар сизиб чиқса нима қилиш керак?

  • 05.11.2026
  • 35 марта ўқилди

Шахсга доир маълумотларнинг интернетга сизиб чиқиши фақат парол йўқотилиши билан чекланмайди. Ф.И.Ш., телефон рақами, ЖШШИР, паспорт ёки автомобиль маълумотлари фирибгарларга ишончли сохта қўнғироқлар қилиш, фишинг хабарлар юбориш ёки шахс номидан бошқа ҳаракатларни амалга ошириш имконини бериши мумкин. Қонунчилик эса маълумот эгасига ўз маълумотлари қандай ишлатилаётганини билиш, розиликни қайтариб олиш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун мурожаат этиш ҳуқуқини беради.


Сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотлари интернетда тарқалгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Айрим фойдаланувчилар ЖШШИР, манзил ва паспорт маълумотларини турли Telegram-ботларда учратганини маълум қилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва киберхавфсизлик соҳасидаги масъул тузилмалар ушбу ҳолатларни ўрганаётгани хабар қилинган.

Маълумотлар қандай сизиб чиқиши мумкин?

Маълумотларнинг тарқалиши ҳар доим ҳам серверга «хакерлик ҳужуми» қилинганини англатмайди.

Амалиётда бунга:

API тизимидаги авторизация хатолари;

паролсиз ёки нотўғри созланган маълумотлар базалари;

тизимга кириш ҳуқуқига эга ходимларнинг суиистеъмоли;

учинчи томон сервислари ва интеграциялар;

фишинг ва зарарли дастурлар

сабаб бўлиши мумкин.

Муҳим: маълумотлар қандай йўл билан тарқалганидан қатъи назар, уларни сақловчи оператор қонунда белгиланган ҳимоя чораларини таъминлаши шарт.

Қонун шахсий маълумотларни қандай ҳимоя қилади?

«Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонуннинг 27-моддасига кўра, маълумотлар базаси мулкдори ва оператори шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий, ташкилий ва техник чораларни кўриши шарт.

Бу чоралар:

маълумотларнинг яхлит ва бут сақланишини;

махфийлигини;

уларга қонунга хилоф равишда ишлов берилмаслигини

таъминлаши керак.

Қонуннинг 28-моддасига мувофиқ, шахснинг розилигисиз ёки бошқа қонуний асос бўлмаса, унинг маълумотларини ошкор қилиш ва тарқатишга йўл қўйилмайди.

«Розиман» тугмасини босиш шахс ўз маълумотларининг ошкор бўлиши ёки исталган мақсадда тарқатилишига рози бўлди дегани эмас.

Фуқаро ўз маълумотлари бўйича қандай ҳуқуқларга эга?

Қонуннинг 30-моддасига кўра, шахс:

ўзи ҳақида қандай маълумотлар мавжудлигини билиш;

оператордан ушбу маълумотларга қандай ишлов берилаётгани ҳақида ахборот олиш;

маълумотларга ишлов бериш учун берилган розиликни қайтариб олиш;

маълумотлар нотўғри, эскирган, қонунга хилоф олинган ёки кераксиз бўлса, уларга ишлов беришни вақтинча тўхтатишни талаб қилиш;

ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ваколатли давлат органига ёки судга мурожаат қилиш

ҳуқуқига эга.

Қонуннинг 17-моддасида эса, жумладан, маълумотларга ишлов бериш мақсадига эришилганда ёки шахс ўз розилигини қайтариб олганда маълумотларни йўқ қилиш асослари белгиланган.

Маълумотлар сизиб чиққан бўлса, биринчи навбатда нима қилиш керак?

Агар Ф.И.Ш., телефон рақами, ЖШШИР, паспорт ёки бошқа маълумотларингиз тарқалганидан шубҳалансangiz:

банк картаси маълумотлари ва SMS-кодларни ҳеч кимга берманг;

банк иловалари, электрон почта ва муҳим аккаунтларда икки босқичли ҳимояни ёқинг;

номингизга бегона кредит расмийлаштирилмаганини текшириб туринг;

мобил оператор билан SIM-картани қайта расмийлаштиришга нисбатан қўшимча ҳимоя имкониятларини аниқланг;

шубҳали қўнғироқ ёки операция бўлса, дарҳол банк ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинг.

Банк, давлат органи ёки бошқа расмий ташкилот ходими сифатида қўнғироқ қилган шахсга SMS-код, PIN-код ёки карта реквизитларини берманг.

Иловаларни ўрнатишда нималарга эътибор бериш керак?

Иловани имкон қадар Google Play ёки App Store каби расмий платформалардан ўрнатиш лозим.

Telegram ёки бошқа манбадан юборилган APK-файл ташқи кўриниши бўйича ҳақиқий иловага ўхшаши, аммо зарарли кодни ўз ичига олган бўлиши мумкин.

Шунингдек, илова сўрайдиган рухсатларга эътибор бериш зарур.

Масалан, оддий хизмат иловаси ўз вазифасига алоқаси бўлмаган ҳолда:

контактлар;

SMS;

микрофон;

доимий геолокация

каби маълумотларга киришни талаб қилса, бундай рухсатнинг нима учун кераклигини текшириш лозим.

Барча маълумотлар Ўзбекистонда сақланиши шартми?

Йўқ. Амалдаги қонунчиликда мажбурий локализация талаби барча шахсга доир маълумотларга бир хил татбиқ этилмайди.

«Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонуннинг 27¹-моддаси 2026 йилда янги таҳрирда қабул қилинган.

Унга мувофиқ Ўзбекистон ҳудудида, жумладан:

жисмоний шахсларнинг биометрик маълумотлари;

генетик маълумотлари;

Ўзбекистонда фаолият юритаётган телекоммуникация операторлари хизматларидан фойдаланувчи шахсларнинг маълумотлари

сақланиши шарт.

Бошқа шахсга доир маълумотларни хорижда сақлаш ва уларга ишлов бериш қонунчиликда белгиланган ҳимоя шартларига риоя қилинган ҳолда мумкин.

Ҳуқуқий асос

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 июлдаги ЎРҚ–547-сон «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонуни — 17, 21, 27, 27¹, 28 ва 30-моддалар.

Шахсга доир маълумотларни сақлашга оид қоидалар 2026 йил 26 мартдаги ЎРҚ–1125-сон Қонун билан янгиланган.

Киберхавфсизлик соҳасидаги умумий талаблар Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 15 апрелдаги ЎРҚ–764-сон «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги Қонуни билан тартибга солинади.

Chat