Тадбир «Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш» лойиҳасининг «Хотин-қизлар йўналиши» доирасида ташкил этилди. Мазкур лойиҳа Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда, Финляндия Ҳукуматининг молиявий кўмагида амалга оширилмоқда.
Тренингни Навоий давлат университети Мактабгача ва бошланғич таълим факультети декани Г. Шамсидинова очиб, иштирокчиларни тадбир дастури билан таништирди.
«Мадад» ННТ ижрочи директори Ш. Саидов лойиҳанинг мақсад ва вазифалари, унинг хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги аҳамияти ҳақида маълумот берди. Шунингдек, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда ҳуқуқий хабардорликнинг ўрнига эътибор қаратилди.

Тренинг давомида «Мадад» ННТ бўлим бошлиғи Р. Сарабекова хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, уларга қонунчиликда белгиланган имтиёзлар тўғрисида тақдимот қилди. Иштирокчиларга миллий қонунчиликда хотин-қизлар учун назарда тутилган ҳуқуқий кафолатлар, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари тушунтирилди.

«Мадад» ННТ бўлим бошлиғи А. Эзозхонов талабаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш масалаларига бағишланган тақдимот билан иштирок этди. Унда ўз ҳуқуқларини билиш, улардан тўғри фойдаланиш ҳамда ҳуқуқий муаммолар юзага келганда мавжуд қонуний ҳимоя механизмларига мурожаат қилишнинг аҳамияти ёритилди.
Тадбирда гендер тенглик тамойиллари, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Якунда ҳуқуқий билим ва хабардорлик хотин-қизларнинг ўз қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши ҳамда жамият ҳаётида фаол иштирок этишида муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.