Қўмитага кўра, сўнгги вақтларда телефонларни божсиз олиб кириш меъёрларидан ноқонуний фойдаланишга уринишлар кўпайган. Жумладан, IMEI-кодларни сохталаштириш, бошқа қурилманинг идентификаторидан фойдаланиш ва бир телефон маълумотлари орқали бошқасини қонунийлаштириш ҳолатлари аниқланган.
2026 йил бошидан «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси 185 та ҳолатда, умумий қиймати 8,8 млрд сўмлик 1 185 та мобил қурилма ноқонуний олиб кирилишининг олдини олган.
Мутахассислар IMEI-1 ва IMEI-2 кодлари битта қурилмага тегишлилигини, шунингдек, ушбу идентификаторлар аввал мобил тармоқларда қайд этилган-этилмаганини аниқлаши керак. Қўмита бундай текширув махсус билим ва малака талаб қилишини таъкидлаган.
Божхона қўмитаси тегишли идоралар билан текшириш ва расмийлаштириш тартибини аниқлаштирмоқда. Расмий баёнотда жараённи қайта тиклашнинг аниқ санаси кўрсатилмаган.
Телефонларни расмийлаштириш бўйича саволлар ёки коррупция ҳолатлари юзасидан 11-08 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилиш мумкин. Линия кеча-кундуз ишлайди.
Расмий манба — Божхона қўмитаси Матбуот хизматининг ахбороти.