Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Автотранспорт воситаларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида

  • 29.06.2022
  • 539 марта ўқилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Мамлакатимизда автотранспорт воситалари ҳайдовчилари учун қўшимча қулайликларни яратиш, аҳолининг автотранспорт воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ муаммоларини тезкорлик билан ҳал этиш, шунингдек, фуқароларимизнинг бу борадаги истаклари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:

1. Кенг жамоатчилик билан ўтказилган очиқ мулоқот доирасида аҳолидан автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга рухсатнома бериш учун тўлов ставкалари миқдорини камайтириш
ҳамда автомототранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш муддатларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар келиб тушаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. 2022 йил 1 июлдан бошлаб:

  • енгил автотранспорт воситаларининг орқа ён ойналари тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун рухсатнома олиш тартиби бекор қилинсин;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг енгил автотранспорт воситалари олд ён ойналари тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома берганлик учун тўлов миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз баравари этиб белгилансин.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:

  • а) ишлаб чиқарилганига ўн йилгача бўлган жисмоний шахсларга тегишли енгил автомототранспорт воситаларини техник кўрикдан
  • ўтказиш ихтиёрий равишда амалга оширилади;
  • б) енгил автомототранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказишнинг қуйидаги муддатлари белгиланади:
  • ишлаб чиқарилганига ўн бир йилдан ўн тўрт йилгача бўлган енгил автомототранспорт воситалари – икки йилда бир марта;
  • ишлаб чиқарилганига ўн беш йил ва ундан ортиқ бўлган енгил автомототранспорт воситалари – бир йилда бир марта.

Бунда мазкур муддатлар тижорат асосида йўловчилар ташиш фаолиятида фойдаланиладиган енгил автомототранспорт воситалари
учун татбиқ этилмайди.

4. Автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш Ягона интерактив давлат хизматлари портали билан бир қаторда ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари томонидан ҳам амалга ошириш тартиби жорий этилсин.

Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 сентябрга қадар ойналари тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсат берилган автотранспорт воситасига бўлган эгалик ҳуқуқи ўзгарганда, давлат рақами белгиси алмаштирилганда ёки автотранспорт воситаси эгасининг маълумотларида ўзгариш бўлганда автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) берилган рухсатноманинг амал қилиш муддатини автоматик тарзда сақлаб қолиш тартибини жорий этсин.

5. Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Chat