“Республикада капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарор (ПҚ–378-сон, 22.09.2022 й.) қабул қилинди
Қарорга кўра, 2023 йил 1 январдан таълим вазирликлари, Соғлиқни сақлаш, Маданият ва Спорт вазирликлари ҳузуридаги буюртмачи хизматлари ва уларнинг ҳудудий филиаллари, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги буюртмачи хизматининг ҳудудий филиаллари тугатилади.
Тугатилаётган буюртмачи хизматларининг ишлари ҳокимликлар ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари томонидан амалга оширилади.
2023 йил 1 январгача юқоридаги инжиниринг компанияларининг ташкилий-ҳуқуқий шакли давлат унитар корхонаси шаклига ўзгартирилади.
2023 йил 1 январдан ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари ва бошқа марказлашган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар бўйича буюртмачи хизматларининг бизнес-режаси уларнинг муассиси томонидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
2022 йил 1 декабргача Капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати тўғрисидаги низомнинг янги таҳрири ишлаб чиқилади.
Лойиҳанинг қиймати ёки капитал қўйилмалар лимитларини мақбуллаштиришда буюртмачи хизматига тўланадиган хизмат ҳақини камайтириш тақиқланади.
2023 йил 1 апрелгача “Шаффоф қурилиш” тизимида техник назорат ишларини амалга оширувчи тадбиркорларни баҳолаш платформаси жорий қилинади.
2023 йил 1 январдан оммавий аҳамиятга эга ноёб ва алоҳида муҳим объектларнинг эскиз лойиҳасини ишлаб чиқиш учун буюртмачи хизмати томонидан архитектура танлови мажбурий ўтказилади.
Қарорга кўра, Қурилишда техник меъёрлаш маркази ва Қурилишда стандартлаштириш республика маркази негизида давлат муассасаси шаклида Қурилишда техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилади.
2023 йил 1 июлгача фуқаролар учун геолокацияси кўрсатилган ҳолда, қурилиш учун берилган барча ҳужжатлар, қурилиш назоратини олиб боришда чиқарилган хулосалар билан танишиш имконини берувчи очиқ электрон тизим яратилади.