Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Шахслар бир нечта ЭРИ калитларига эга бўлиши мумкин

  • 17.10.2022
  • 588 марта ўқилди

“Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонун (ЎРҚ–793-сон, 12.10.2022 й.) Президент томонидан имзоланди

  • Қонун билан электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади.
  • Электрон рақамли имзонинг ва қўлда шахсан қўйилган имзонинг бир хил аҳамиятга эга эканлиги эътироф этилди.
  • Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ЭРИдан фойдаланиш соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

ЭРИ калитларини рўйхатга олиш маркази ҳамда шахслар ўртасидаги ЭРИдан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар шартнома асосида амалга оширилади. 

ЭРИ калитини бериш ёки унинг сертификатини рўйхатга олиш бир иш кунидан ошмаслиги керак.

  • ЭРИ калитига эга бўлган шахслар ЭРИ мавжуд бўлиши талаб қилинадиган давлат хизматларининг барча турларидан эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлади. 
  • Жисмоний ва юридик шахслар бир нечта ЭРИ калитларига эга бўлиши мумкин. Ҳар бир ЭРИ калитининг сертификатини рўйхатга олиш белгиланган тартибда алоҳида амалга оширилади.

ЭРИ калити сертификатининг амал қилиш муддати рўйхатга олинган пайтдан эътиборан 24 ойдан ошмаслиги керак. Бунда ЭРИнинг амал қилиш муддати икки мартадан кўп бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин. 

Ўзбекистоннинг хориждаги фуқаролари, шунингдек чет эл жисмоний ва юридик шахслари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар ЭРИни консуллик муассасалари, шунингдек дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик бўлимлари орқали олиши мумкин.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

Chat