Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Давлат органлари ва ташкилотларининг қоровуллик хизматлари ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берганлик учун мукофотланиши мумкин

  • 18.10.2022
  • 516 марта ўқилди

Ҳукумат қарори билан (598-сон, 14.10.2022 й.) "Давлат органлари ва ташкилотлари идоравий қоровуллик бўлинмаларининг ҳуқуқбузарлик ва ҳодисалар юзасидан ички ишлар органлари ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларини хабардор қилиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида"ги низом тасдиқланди

Низомга мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотларида жиноятлар, ҳуқуқбузарликлар, гумондорлар, қидирувдаги шахслар, авариялар, ёнғин, ҳалокат ва бошқа ножўя ҳодисалар аниқланганда қоровуллик бўлинмалари:

  • дарҳол ИИБ органларига хабар беради;
  • ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари келгунича ҳуқуқбузарлик ва ҳодиса излари сақланишини таъминлайди;
  • ИИБ ва Миллий гвардия ходимларига ҳодиса тўғрисида ахборот беради;
  • табиий ва техноген фавқулодда ҳолатларни бартараф этади, одамларни қутқаради.

Қоровуллик бўлинмалари ИИБ ва Миллий гвардия бўлинмаларига ҳодиса ҳақида телефон орқали хабар беради.

Телефон бўлмаганида ёки ишламаганида алоқанинг бошқа турлари, хусусан хуштакдан қуйидаги сигналлардан фойдаланилади:

  • “Ушла” – битта узун сигнал;
  • “Ёрдамга” – иккита қисқа сигнал.

Қоровуллик бўлинмалари хабари орқали жиноят, ҳуқуқбузарликлар содир этган қидирувдаги шахслар аниқланганда, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳолат бартараф этилганда қоровуллик бўлинмалари ходимлари 1 марталик пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар билан мукофотланиши мумкин.

Chat