Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Фармацевтика маҳсулотлари ҳисоби ва назорати ахборот тизими жорий этилади

  • 28.10.2022
  • 434 марта ўқилди

Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–411-сон, 26.10.2022 й.) қабул қилинди

Қарорга мувофиқ, 2023 йил 1 январдан тегишли рўйхатда белгиланган дорилардан ташқари барча янги дори воситалари клиник тадқиқотларнинг ижобий натижаси асосида давлат рўйхатидан ўтказилади.

Қуйидагилар бекор қилинади:

  • рецептсиз бериладиган дорилар рўйхатини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқлаш;
  • дори моддаларини (субстанцияларни) давлат рўйхатидан ўтказиш;
  • Ўзбекистондан ташқарида амалга оширилган дори воситаларининг рўйхатдан ўтказиш натижаларини тан олишда стандарт намуналарини талаб этиш.

Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштириладиган республика даражасидаги давлат стационар тиббиёт муассасаларида беморлар дори ва тиббий буюмлар билан шифохона орқали таъминланади.

Мазкур жараён дастлаб республика даражасидаги шифохоналарда 2023 йил давомида тажриба-синов тариқасида амалга оширилади.

Шунга кўра, 2022 йил якунигача шифохоналарда дори воситалари ва тиббий буюмлар хариди бўйича мутахассис лавозими жорий этилади. 

2023 йил 1 июлдан референт нархлари қайд этилмаган ёки қайд этилган нархдан юқори бўлган дори воситаларини сертификатлаштириш тақиқланади.

2023 йил 1 майдан жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган дорилар учун дорихоналар томонидан бериладиган харид чекининг фискал белгиси солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилганда дорилар нархлари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ахборот тизимидаги дори воситаларининг чакана референт нархлари билан автоматик тарзда солиштирилади.

Chat