Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

“Мадад” ННТ томонидан Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда давлат ижтимоий буюртмаси асосида болалар учун йўл-ҳаракати қоидалари ўқув майдончаси фойдаланишга топширилди

  • 21.11.2022
  • 818 марта ўқилди

“Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда “Болалар йўл ҳаракати иштирокчиси” номли давлат ижтимоий буюртмаси доирасида Тошкент шаҳар, Юнусобод туманидаги 206-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида, болаларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатишга мўлжалланган ўқув майдончаси қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ушбу ўқув майдончасини очилишига бағишданган тадбир ўтказилди унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фонди, Адлия вазирлиги, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни Муассаса ижрочи директори Т.Турсунов очиб, ушбу лойиҳанинг мазмун-моҳияти ва амалга оширишдан кўзланган асосий мақсади хусусида батафсил тўхталиб ўтди. Шундан сўнг Юнусобод туман мактабгача таълим бўлими раҳбарияти ва мазкур МТТда тарбияланаётган болаларнинг ота-оналари сўзга чиқишиб, лойиҳа мутасаддилари ва ташкилотчиларига ҳамда қурувчи-мутахассисларга самимий миннатдорчилик билдиришиб, амалга оширилган лойиҳа келгусида МТТ тарбияланувчилари-жажжи болажонларнинг йўл-ҳаракати қоидаларига доир кўникмаларини шакллантиришга, шунингдек, бундай турдаги ҳодисаларнинг олдини олишга кўмаклашиши ва болалар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлаб ўтишди. 

Тадбир давомида Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти мутахассислари томонидан тарбияланувчилар ўртасида йўл-ҳаракати қоидалари бўйича викторина ўйинлари ўтказилиб, бунда фаол иштирок этган болажонлар муносиб тақдирланди.


Бундан ташқари, ушбу МТТда тарбияланаётган 300 нафар болажонларга эсдалик совғалари ва Муассасанинг махсус сертификатлари топширилди.

Chat