Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Даволаш-профилактика муассасаларининг илмий даражага эга ходимларига қўшимча ҳақ тўлаш тартиби белгиланди

  • 13.12.2022
  • 508 марта ўқилди

Ҳукумат қарори (694-сон, 05.12.2022 й.) билан Даволаш-профилактика муассасаларининг илмий даражага эга бўлган ходимларига қўшимча ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди

Низом билан давлат даволаш-профилактика муассасаларида тиббиёт соҳасида илмни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшаётган илмий даражага эга тиббиёт ходимларига ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўлаш тартиби белгиланди.

Шунга кўра, муассасаларнинг фан доктори (Doctor of Science), фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлган ходимларига асосий иш жойи бўйича ҳар ойлик қўшимча ҳақ белгиланади.

  • Ходимга қўшимча ҳақ унинг жорий йил (календарь йил) мобайнидаги фаолияти натижалари таҳлилига асосан келгуси йил учун белгиланади.
  • Қўшимча ҳақ миқдори ходимнинг эгаллаб турган лавозимига мутаносиб равишда, бироқ бир ставкадан ортиқ бўлмаган миқдорда ҳар ойда ҳисобланадиган лавозим маошига нисбатан белгиланади.

Ходим бир нечта муассасада қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат шартномаси асосида фаолият юритаётган бўлса, у асосий иш жойи бўйича қўшимча ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қўшимча ҳақ миқдори бир ойда – фан номзоди ёки фалсафа доктори илмий даражасига эга ходимлар учун лавозим маошининг 30 фоизидан ҳамда фан доктори илмий даражасига эга ходимлар учун лавозим маошининг 60 фоизидан ошмаслиги керак. 

Мазкур низом талаблари Ҳукумат қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ республика ихтисослаштирилган илмий-амалий марказларининг қўшимча ҳақ оладиган тиббиёт ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Chat